17 July 2017
18:45 - Туркияда давлат тўнтариши қилишга уринувчилар устидан ғалабанинг бир йиллиги байрам қилинди, аммо Фавқулодда Ҳолат яна 3 ойга узатилди

Туркияда 2016 йилнинг15 июлидан 16-чига ўтар кечаси уюштирилган давлат тўнтаришига уриниш мағлубиятга учрагач, бу мамлакатнинг парламенти, яъни Туркия Буюк Миллат Мажлиси (ТБММ) 2016 йил 21 июлда 3 ойлик Фавқулодда Ҳолат эълон қилиб, кейин фавқулодда ҳолат 3 марта узайтирилган эди. Бугун Туркия Буюк Миллат Мажлиси 19 июлда битадиган фавқулодда ҳолатни яна 3 ойга узайтирди.

Фавқулодда Ҳолат ўтган йили Миллий Хавфсизлик Ташкилотининг тавсияси асосида Бош вазир Бинали Йилдирим тайёрлаган қонун лойиҳаси ТБММда тасдиқланиши билан киритилган бўлиб, кейинги узайтиришлар ҳам айнан шу шаклда амалга оширилганди.

Қизиғи шундаки, Туркия оммавий ахборот воситаларининг, ҳатто давлатнинг расмий Анадолу Агентлигининг хабарларида ТБММда бугун Фавқулодда Ҳолатни узайтириш қонуни қабул қилинган пайтда қандайдир тортишувлар бўлган ёки бўлмагани, қонун қанча овоз билан қабул қилингани умуман тилга олинмайди. Ҳамма хабар воситаларининг бундай якдиллиги ўта шубҳали бўлиб, Туркия тўла диктатурага айланиб бораётганинг яна бир исботидир.

Икки кун аввал, яъни 15 июль куни кечқурун, аниқроғи, соат 22 да Истанбулнинг марказидаги аввал “Бўғозичи Кўприги” деб аталадиган, аммо давлат тўнтаришига урунишдан кейин “15 июль Шаҳидлар Кўприги” деб номи ўзгартирилган кўприк олдида миллионлаб одам қатнашгани айтилаётган муҳташам митинг бўлди. Муташам саҳнада биттагина одам бор эди - Президент Ражаб Эрдўғон. У 40 дақиқали нутқида давлат тўнтариши амалга ошишига йўл бермаган халлқа миннатдорчилик билдирди, ўша куни шаҳид бўлган 250 киши ва кўплаб ярадор бўлганларни ҳақиқатда ҳаяжонли ва чиройли сўзлар билан хотирлади, шаҳидларга Оллоҳдан раҳмат тилади. Аммо, ўзи ва ўз ҳукуматига мухофатчилик қилаётган отатуркчиларнинг Жумҳурият Халқ Партиясига жуда хунук сўзлар билан тош отишдан, ҳатто уларни давлат тўнтариши ҳаракатида бўлган фатхулла-гуленчилар билан тенглаштиришдан ўзини тўхтатолмади.

Ҳеч шубҳасиз, 9 июль куни Жумҳурият Халқ Партияси раиси Қииличдорўғли бошчилигида Эрдўғоннинг диктаторлик яратиш йўлидаги сиёсатига қарши Истанбулда ўтказилган Адолат Митинги ва ундан олдин Анқарадан Истанбулгача Адолат Юриши ўтказилиши Эрдўғоннинг ҳаловотини бузиб юборган эди. Унинг бугунги митингдаги мухолифатга тош отишлари ўша ҳаловатсизликнинг ташқи кўринишидир.

Эслатиб ўтамиз, 9 июлдаги митинг ташкилотчилари митингда 1,5 миллион атрофида одам қатнашганини айтсалар, давлат расмийлари у ерда бор йўғи 160 минг киши қатнашганини айтиб, бу митингни камситишга интилгандилар. Аслида, агарда у митингда 160 минг киши иштирок этган бўлса ҳам, у жуда катта куч кўрсатиш бўлганди.

Бугун “15 июль Шаҳидлар Кўприги” олдида ўтказилган митинг феълан ражаб-эрдўғончилар митинги бўлди. Унда миллионлаб одамлар қатнашгани айтилди, аммо расмларни солиштириб айтиш мумкинки, 9 июлдаги ва бугунги митингларда қатнашганларнинг сони бир-биридан катта фарқ қилмайди.

Айни пайтда унутмайликки, Адолат Юриши ва Адолат Митинги мавжуд ҳокимиятнинг, жумладан, Эрдўғоннинг адолатсизликларига қарши эди ва ҳукуматнинг қаршиликларига қарамасдан ўтказилганди. Бугунги митинг эса, ҳокимиятники бўлиб, ҳокимиятнинг ҳамма имконларидан фойдаланиб ўтказилган. Шуларни ҳисобга олсак, ҳеч шубҳасиз, мухолифатчиларнинг митинги ҳокимиятникидан кучлироқ эди. Демак, ҳокимият-мухолифат курашида ҳозир мухолифат олдинда.

Расмда – 15 июлда Шаҳидлар Кўприги олдида ўтказилган митинг.