17 July 2017
15:00 - Қизиқ: Испания қироли Фелипе VI Нурсултон Назарбойни Избелла Католик ордени билан мукофотлабди

Қозоғистоннинг расмий давлат хабар агентлиги Казинформ Қозоғистонг Президентининг матбуот хизматига асосланиб хабар беришича, бугун Остонада Испания парламентининг раиси Ана Пастор ўз мамлакатининг қироли Фелипе VI номидан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбойга Изабелла Католик орденини топширибди. Қирол Фелипе VI нинг Нурсултон Назарбойга орден бериш ҳақидаги фармони қачон чиқарилгани айтилмаган.

Нурсултон Назарбой ўз навбатида Фелипе VI ва Ану Пасторга юксак мукофот берилиши туфайли миннатдорчилик билдирибди.

Хабарда айтилишича, қирол Фелипе VI шу йил 9 июнда “ЭКСПО-2017” халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида қатнашиш учун Остонага келган экан. Шак-шубҳасиз у ўшанда Қозоғистон президенти билан учрашган ва, тахмин қилиш мумкинки, у ўша учрашув таасуроти остида Нурсултон Назарбойни бундай орден билан мукофотлаш қарорига келган. Агар у бундай мукофот ҳақида аввал ўйлаган бўлса эди, Остонага келишдан аввал фармон чиқариб, орденни Нурсултон Назарбойга ўзи топшириб кетган бўларди.

Қозоқларнинг хабарида орден бериш маросимидан расм берилмаган, бу орденнинг тарихи тилга ҳам олинмаган. Бошқа манбалардан олган маълумотларимизга кўра, бундай орден Испания қироли Фердинанд VII тарафидан 1815 йили ҳозир Испания таркибида бўлган Кастилиянинг 15 асрдаги қироличаси Изабелла Католик I шарафига таъсис этилган экан.