14 July 2017
21:50 - Кечиккан хабар: Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда бориб келибди

Шу йилнинг 4-9 июль кунлари Ўзбекистон Марказий Банки, Молия Вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва Тараққиёт Фонди раҳбариятидан иборат делегация Халқаро Валюта Жамғармасининг Вашингтондаги қароргоҳида учрашувлар ўтказгани ҳақида маҳаллий матбуотда хабар пайдо бўлди. Нимага бундай хабар сал кам бир ҳафта кечикиб берилганини тушуниб бўлмайди. Балки, бундай кечикиш - кечагина Молия Вазири биринчи ўринбосари Татьяна Гуськованинг ишдан олиниши билан боғлиқдир. Нима бўлганда ҳам бундай делегациянинг АҚШга бориши ижобий воқеа.

Ташрифнинг мақсади ХВЖ мутахассисларига 2017-21 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақида объектив маълумот бериш, шунингдек, республика валюта тизимини янада либераллаштириш истиқболлари бўйича фикр алмашиш бўлган экан.

Шу муносабат билан Халқаро Валюта Жамғармаси директори Кристин Лагард Президент Шавкат Мирзиёга мактуб йўллаб, “Сизнинг жамоангиз ва ХВЖ ходимлари Ўзбекистонда инвестиция муҳитини такомиллаштириш мақсадида валюта тизимини либераллаштиришни бошқа йўналишлардаги ислоҳотлар орқали қўллаб-қувватлашга бағишланган кенг кўламли масалаларнинг муҳокамасини яқин вақт ичида ўтказишади. Улар орасида, иқтисодий статистикани яхшилаш бўйича чоралар бор, бу Ҳукумат ва сармоядорларга, асосланган қарорларни қабул қилиш имконини беради. Сизга ўзимизда бор бўлган барча қўллаб-қувватловни тақдим этамиз” дегани ҳам хабардарда айтилган.