27 June 2017
20:27 - Трамплар оиласи Шавкат Мирзиёни Рамазон ҳайити билан қутлади
Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Мелания Ўзбекистон раҳбари ва халқига Рамазон ҳайити билан самимий табрикларни йўллашди. "Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Президент Жаноби Олийлари! Америка халқи номидан Мелания ва мен Сизга ва Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларимизни йўллаймиз.

Муқаддас Рамазон ойида Америка Қўшма Штатларидаги мусулмонлар бутун дунё мусулмонлари қатори имон-эътиқод ва хайр-эҳсон амалларига алоҳида эътибор қаратдилар. Америка Қўшма Штатларида мусулмонлар қўшниларга ва жамиятнинг турли табақалари вакилларига ёрдам бериш ҳамда қўллаб-қувватлашдек эзгу анъаналарни давом эттирган ҳолда байрамни оила аъзолари ва дўстлар даврасида нишонладилар.

Мазкур байрамни нишонлар эканмиз, раҳм-шафқат, меҳр-оқибат ва эзгу ният каби фазилатлар аҳамиятини янада теран англаймиз. Шу муносабат билан Америка Қўшма штатлари Ўзбекистон билан шу қадриятларни эъзозлашга қаратилган умумий мажбуриятимизни яна бир бор таъкидлайди. Сиз ва Ўзбекистон халқини яна бир бор байрам билан табриклайман. Рамазон ҳайити муборак бўлсин", - дейилган мактубда.

Эслатиш жоиз, Шавкат Мирзиё шу йилнинг 14 сентябрида Оқ Уйда қабул қилиниши эълон қилинган. Шунингдек, у Нью-Йоркда БМТнинг навбатдаги сессиясида ҳам иштирок этади. Тахмин қилиш мумкинки, Шавкат Мирзиё АҚШга расмий ташриф билан эмас, БМТ сессиясида иштирок этиш учун кетмоқда. АҚШ президентлари шу баҳона бошқа давлатларнинг президентлари билан учрашиб олишни ҳам анъана қилиб олганлар.