23 June 2017
02:37 - Саудия қироли ўз вориси этиб ўғли Муҳаммад ибн Салмонни тийинлади. У нима каромат кўрсатолади?


Саудия Арабистони абсолют теократик монархия, яъни давлат ва дин бошқаруви бир одамнинг, яъни подшоҳнинг қўлида бўлган давлатдир. Ҳозирги подшоҳ - 81 ёшли Салман ибн Абдулазиз ал Сауд бўлиб, унинг жияни Мухаммад бин Наиф подшоҳликка ворис эканлиги ҳам аввалдан маълум эди. Подшоҳ ўз ворисини ўзи танлайди ва истаган вақтида уни алмаштиролади.

Ўтган куни, яъни 21 июнда айнан шундай бўлди ва подшоҳ Салман 31 ёшли ўғли Муҳаммад бин Салмонни ўз вориси, яъни шаҳзода деб эълон қилди. Шу пайтгача, тушуниб бўлмайди, Бош вазир ёки Бош вазир ўринбосари, айни замонда, Ички Ишлар Вазири вазифаларини биргаликда бажариб келаётган Мухаммад бин Наиф бу лавозимлардан дарҳол узоқлаштирилди.

Сўнги икки йилда Мудофаа вазири сифатида Саудия тарафидан Ямандаги феълан Эрон ёрдамида ҳокимиятни қўлга олган шиаларнинг хусийлар оқимига қарши олиб борилаётган урушни бошқарган Муҳаммад бин Салмон айнан шу ердаги муваффақиятлари туфайли кўзга кўриниб қолгани, аммо унинг ўта ҳирсли табиати туфайли қириолият оиласи ичида танглик ортиши мумкинлиги ҳақида аҳволни биладиган таҳлилчилар гапирмоқдалар.

Аслида, тахмин қилиш мумкинки, ҳозирги қирол 2015 йилда ўлган аввалги қирол, ўзининг акаси Мухаммад ибн Салман Ал Сауднинг ўрнига ўтиргач, ҳали катта кучга эга бўлмагани сабабли, ўша пайтда кучли сиёсатчи ҳисобланган ўз жиянини ворис деб эълон қилган. Ҳозир тахтини мустаҳкамлаб олгач, шаҳзодаликка ўз ўғлини чиқарди.

Ҳозир Араб дунёсида аҳвол жуда оғир. Яманда феълан Эрон билан уруш кетмоқда. Ҳозир асосий араб давлатлари Қатар билан алоқаларни узиб, ичларида янги совуқ уруш фронти очмоқдалар. Эрон мусулмонларнинг икки муқаддас шаҳри - Макка ва Мадина - Саудия қўлида эканлигига норозилик аломатлари кўрсатишга бошлаб бўлди.

Араб давлатларининг энг кучлиларидан бири бўлган Миср дунёвийлик принципини маҳкам ушлаб, исломчилар билан феълан уруш ичида. Бу мамлакатда исломчиларнинг Мусулмон-қардошлар ташкиолти тақиқлаган, унинг лидерларидан иккитасига ўлим жазоси берилган, аммо ҳали ҳукм ижро этилмаган. Улардан бири - Муҳаммад Мурси Араб баҳори вақтида тахтдан кетишга мажбур бўлган Ҳусни Муборакдан кейин президентликка ҳам сайланган, аммо 1 йилдан кейин ҳарбийлар тарафидан тўнтарилган эди.

Энг кучли мусулмонлар давлати бўлган Туркия эса, кун сайин исломлашиб бормоқда ва Мисрга душмандек қарамоқда. Ҳозир у Мусулмон-қардошларни молиявий қўллаб-қувватлаб келаётгани иддао қилинаётган Қатар тарафида турибди, у ерда ўз ҳарбий базасини яратишга кириш арафасида.

Филистинда ҳам аҳвол оғир. Кўринишидан, Исроил Қуддусни тўла ўз пойтахти қилиб олди, уни араблар билан бўлиб олиш ниятида эмас, ҳатто Филистин давлати қурилишига ҳам йўл бермаслиги мумкин. “Ислом” ва “ислом терроризми” тушунчалари синонимга айланиб бораётган пайтда, дунё Исроилга қарши чиқмаслигининг эҳтимоллиги ортиб бормоқда.

Кўрамиз, бундай шароитда, Саудиянинг расмдаги янги шаҳзодаси ва бўлажак қироли нима каромат кўрсатолади? Давлат бюджетининг 75 фоизи нефть сотиш билан қопланадиган, аёллар одам ҳам ҳисобланмайдиган давлатда диний ва сиёсий ислоҳотларсиз - иқтисодий ислоҳотлар ўтказоладими? Нефтнинг нархи аввалги даражасига чиқмаса, у ислоҳотларсиз Саудияни бошқароладими? Ёки, Саудиянинг охирги подшоҳи сифатида тарихга кирадими?