21 May 2017
21:35 - Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон ўзи тузган партияга қайтди ва партия раиси этиб сайланди

2003-2014 йиллари Туркиянинг Бош вазири бўлган Ражаб Эрдўғон 2014 йилда Президент этиб сайлангач, Туркия Констуциясининг президент биронта партия аъзоси бўлолмаслиги ҳақидаги талабига биноан бир маҳаллар ўзи тузган Адолат ва Тикланиш Партияси (АТП) раисилигдан истеъфога чиққан ва партияни тарк этишга мажбур бўлган эди. Шу пайтгача Туркияда парламентар система мавжуд бўлиб, давлатнинг раҳбари феълан Бош вазир эди, давлат президенти эса, фақатгина расмиятчилик доирасидаги вазифаларни бажарарди, масалан, парламент қабул қилган қонунларни имзоларди, чет эллик президентлар билан учрашарди.

Шу йил 16 апрелда Туркияда ўтказилган референдум президентлик системасига ўтишни тасдиқлашдан ташқари, президентга бош вазир ваколатларини ҳам берди, президент партия аъзоси ва ҳато партия раиси бўлишга йўл очди.

Бугун Анқарадаги катта спорт саройида ҳамма диктаторликларда бўладиган ўта маҳташам, байрам тантанаси каби АТПнинг 3-чи навбатдан ташқари Қурултойи бўлиб ўтди. Спорт саройи ичида тахминан 1,5 минг Қурултой делегатидан ташқари ўн минглаб, сарой атрфидан ундан ҳам кўп партия аъзолари тўпланди. Уларнинг сони 60 мингдан ошгани хабарларда айтилмоқда.

Шу пайтгача партия раиси ва Бош вазир бўлган Бинали Йидирим бугунги Қурултойни байрам деб эълон қилди ва партия раислигидан истеъфога кетишини билдирди. Аввалдан 1370 делегатнинг номидан партия раислигига номзод қилиб кўрсатилган Ражаб Эрдўғон 1414 делегатнинг овози билан Адолат ва Тикланиш Партияси раислигига (турклар бу лавозимни Бош раис дейишади) сайланди. Қурултойда қанча делегат бўлгани хабарларда айтилмади, аммо тахмин қилиш мумкинки, 1414 дан кам бўлмаган. Сўнгра партия Марказий Комитети ролини ўйнайдиган 50 кишилик Марказий Қарор ва Бошқарув Комитети сайланди. Табиий, уларнинг ичида Эрдўғоннинг куёви, ҳозирча Энергия ва Табиий Бойликлар Вазири, аммо келажакда қайин отасининг ўрнига ўтириши аниқ бўлган Барот Албайроқ ҳам бор эди.

Партия Тузуғига (Уставига) ўзгартириш киритилиб, Бош раис вакили номли янги лавозим киритилди ва бу лавозимга Бинали Йидирим сайланди. Тушуниш мумкинки, айни вақтда давлат президенти ҳам бўлган партия Бош раисининг партияни бошқариш учун вақти бўлмайди, амалда партия раислигини Ражаб Эрдўғонга бўйсунадиган Бинали Йидирим бажараверади.

Сайлангандан кейин нутқ сўзлаган Ражаб Эрдўғон бугунги байрам ҳақида баландпарвоз гаплар тўла нутқ сўзлаш билан бир қаторда муҳим сигналлар ҳам берди:

- 2015 йил 15 июлдаги давлат тўнтаришига урунишданн кейин киритилган Фавқулодда Ҳолат қанча керак бўлса, шунча давом этаверади.

- Фатхулла-гулентчиларнинг террор ташкилотига (туркча қисқартмаси – ФЕТО) қарши аёвсиз уруш давом этаверади.

- Туркия ва туркия миллатини мутлақо ҳурмат қилмай қўйган Европа Иттифоқининг икки юзли сиёсатига тоқат қилиш тўхтатилади. ЕИ Туркияга берган ваъдаларини бажарса, туркларга визасиз киришга рухсат берса, қочқинларга (Суриядан қочиб келиб Туркияда яашаётган миллиондан ортиқ қочқин назарда тутилмоқда – “Ҳаракат”) ваъда қилинган ёрдам берилса ва Туркия йўлига қўйилган тўсиқлар олинсагина, ЕИ билан яхши йўналишдаги алоқалар давом этади.

- Аъзолар сони 10 миллондан ошган партия сифатида 80 миллиондан ошган халққа хизмат кўрсатавирилади.

Референдум натижаларига кўра, тез орада Ражаб Эрдўғон Бош вазирнинг ваколатларини ҳам тўла ўзига ўтказиб олади.

Аслида, бундай шаклдаги президентлик системаси ҳамма ривожланган давлатларда бор. Президентнинг партияси парламентда ҳам кўпчилик бўлса, президент истаган нарсасини қилолади. Аммо, ҳақиқий демократик давлатларда президент ва унинг партияси ростдан ҳам халққа хизмат қилади.

Бироқ, Туркияда аҳвол бошқача. АТПнинг лидерлари ва менталитети ҳали ҳам ўрта асрларда бўлган туркларнинг катта қисми, охирги референдум натижаларига кўра аҳолининг 51 фоизи, исломий давлат нималигини ҳам билмаган ҳолда, давлатни исломлаштириш тарафдорларидир. Демак, бу кетишда Туркия яқин келажакда шариат қонунлари билан яшайдиган исломий давлатга айлантирилади.

Шундай экан, аҳолининг 49 фоизини ташкил қилкчи дунёвийлик/секуляризм тарафдорлари Ислом дунёсидаги демократларнинг ва прогрессив давлатларнинг маънавий ёрдами билан бунга йўл қўймайдилар деб умид қилиш керак. Акс ҳолда, Туркия давлати парчаланиб, йўқ бўлади.

Ўзбекистон “Бирлик” Партияси лидери раиси Абдураҳим Пўлат 16 апрелдаги референдум арафасида турк миллатига қилган мурожаатида айнан шундай бўлишини башорат қилиб, бунинг олдини олиш учун конституцияга киритилаётган ўзгартиришларга “Йўқ” деб овоз бериш кераклигини урғулаган, "Йўқ" деб овоз берганлар 49 фоиз бўлиб чиққандан кейин, буни "Йўқ"чиларнинг ғалабаси деб баҳолаб, уларни ғалаба билан табриклаган эди.

Расмда – олдинги қаторда Бинали Йиллдирим ва Ражаб Эрдўғон ҳижобга ўралган хотинлари билан АТП қурултойида.