19 May 2017
22:49 - Тошкентда террорчилик ҳақида 2 марта ёлғон хабар берган аёл жавобгарликка тортилди

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, 2017 йилнинг 13 май куни соат 10 ларда, ўзини “Шодмонова Шахрина Алишер қизи” деб таништирган аёл Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошкармасининг “102” рақамига қўнғироқ қилиб, Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган “МЕГАПЛАНЕТ” гипермаркетининг 3 қаватида 2 нафар ҳижоб ўраган аёл ушбу бинода “БОМБА” борлиги ҳақида гаплашаётганликларини эшитиб колганлиги хакида хабар берган.

Мазкур хабар асосида Ички Ишлар Вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошкармаси ва бошка махсус хизматларнинг ходимлари “Мегапланет” гипермаркетига зудлик билан етиб бориб, ўрнатилган тартибда фуқароларни бинодан эвакуация килиб, махсус воситалар билан текширилганида, бинода портловчи моддалар йўқлиги аниқланган.

Бундан ташкари, 2017 йилнинг 14 май куни соат 11 ларда, ўзини яна “Шодмонова Шахрина Алишер қизи” деб таништирган аёл, такроран Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошкармасининг “102” рақамига қўнғироқ қилиб, бир кун аввалги иддаоларини “МАКРО-Самарқанд дарвоза” гипермаркети ҳақида такрорлаган.

“Макро-Самарқанд дарвоза” гипермаркетида ҳам зудлик билан ҳамма эвакуация қилинган, аммо текширувлар бинода портловчи моддалар йўқлигини кўрсатган.

Олиб борилган тергов-тезкор чора-тадбирлар натижасида мазкур жиноятни аввал ўғриликда айбланиб судланган Ақмарал Исабекова эканлиги аниқланган. Исабекованинг ғайриқонуний ҳаракатлари натижасида давлат ва жамият манфаатларига жами бўлиб 40 млн. сўмдан ортиқ моддий зарар етказилгани аниқланибди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” банди билан, яъни безорилик аломатлари билан жиноят иши қўзғатилибди, Исабековага ҳибсга олинибди.