18 May 2017
07:15 - Тарихий воқеа: Украиналиклар 11 июндан ЕИга визасиз кироладилар

Кеча Франциянинг Старсбург шаҳрида жойлашган Европа Иттифоқининг парламентида украиналикларга визасиз кириш ҳаққи берувчи қонун акти имзоланди, дейилади УНИАН агентлигининг хабарида. Қонун акти Европарламент Президенти Антонио Таяни ва ЕИ Кенгашининг жорийдаги раиси, Мальта давлатининг Ички Ишлар ва Миллий Хавфсизлик Вазири Кармело Абела тарафидан Украина Президенти Петр Порошенко ҳам иштирок этган маросимда имзоланди (расмда Порошенконинг ёнидаги аёл – Европарламентнинг шу масала бўйича докладчиси Мария Габриэль).

Бу қонун акти шу йил 11 июндан кучга кириши айтилмоқда. Петр Порошенкога бу ҳақда шундай дейди: “Бу менинг 45 миллионли халқим учун мутлақо тарихий кундир. Аминманки, бу Европа Иттифоқи учун ҳам тарихий кун. Украина Европа оиласига қайтмоқда. Украина охирги марта совет ва рус империялари билан хайрлашмоқда. Украина ўз ичида ислоҳотлар ўтказиишни давом эттираверади. Визасиз киришга рухсат олиш учун биз 144 ислоҳот ўтказдик ва бу жараённи давом эттирамиз.”

Бу ростдан ҳам тарихий воқеа, дейди мухбиримиз. Россия ўзининг асрлар бўйича ҳамкори ва дўсти бўлган, тили ва дини бир бўлган Украинадан айрилиб қолди. Европа билан Россия ўртасида Украина девори ўрнатиш жараёни яна бир қадам олға кетди. Тўғри, Қрим ва Донбасс муаммолари ҳал этилмагунча Украина ЕИга ҳам, НАТога ҳам, аъзо бўлолмаса керак, аммо Украинанинг ЕИга интеграцияси ва, айни замонда, Россиянинг Европадан айрилиши давом этаверади.

Нима ҳам дердик, офарин Украина, бечора Россия!