27 April 2017
20:02 - АҚШ: Ўзбекистон - диний эркинликлар топталаётган ўлка. “Ҳаракат”: Бу масaлада АҚШдек давлат ҳам янглишмоқда

АҚШдаги Халқаро Диний Эркинлик Комиссиясининг куни кеча эълон қилинган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон дунёда диний эркинликлар вазияти энг ёмон бўлган давлатлар қаторидан жой олди. Мазкур рейтингдаги биринчи ўнликда Ўзбекистон билан биргаликда Бирма (Мьянма), Хитой, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, Судан, Тожикистон ва Туркманистон қайд этилган.

Ҳисоботда Ўзбекистон 12 йилдан бери диний эркинликлар борасида ташвиш уйғотиб келаётган давлат сифатида тилга олинади.

Юқоридаги ўнталикда Эрон ва Саудия Арабистонининг ўрни бутунлай бошқача эканлигини тушуниш керак, дейди мухбиримиз. У мамлакатларда насронийларга нисбатан ўтказилаётган сиёсат ҳисобга олинмоқда. Аммо, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда дин эркинлиги худди Ғарбда каби эканлигини АҚШнинг Комиссияси тушунмаган. Бу уччала мамлакатда худди Ғарбда каби ўта чекланган дин эркинлиги, тўғрироғи, Ислом дини эркинлиги бор. Аммо, фанатик мусулмонлар бундан ҳам кўпроқ эркинликлар истайдилар. Масалан, мусулмонларга Шариат қонунлари билан яшашга рухсат бериш, давлатни исломий қилиш ва бошқалар.

Айнан шу масалаларни Ғарбдан ҳам яхши тушунадиган “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиқувчи тушунчалар билан яшаётган Ислом дини ва демократия бирга бўлолмасликларини урғулаб, Ислом динида чуқур ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш кераклигини гапирмоқда. Бу фикларни Ғарбга ҳам тушунтириш керак, акс ҳолда Ғарбнинг ҳам келажаги бўлмайди. Ғарбни ислом давлатларида сиёсий эркинликлар йўқлиги, сиёсий ҳақ-ҳуқуқлар топталаётгани билан шуғулланишга чақириш керак.