25 April 2017
20:32 - Ўзбекистонда мобиль алоқа хизмати учун хорижий валюталардаги тўловлар бекор қилинади
Бугунги маҳаллий нашрлар Ўзбекистонда мобиль алоқа хизмати учун тарифлар ва тўловлар қатъий равишда миллий валютада белгиланиши ва тўланиши ҳақида ёзмоқда. Бугун Тошкентда бошланган Usenet-2017 конференцияси доирасида Ўзбекистон Ахборот Технологиялари ва Коммуникацияларини Ривожлантириш Вазири ўринбосари Умиджон Аълам бу ҳақда маълум қилибди. Унга кўра, шу йил охирига қадар мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлар хизматларини миллий валютада нархлашга ўтказиш бўйича қарор ишлаб чиқилади.

“Биз бу борада истеъмолчилардан, жумладан, корпоратив мижозлардан кўплаб шикоятлар қабул қилдик. Улар хизматларнинг асосан АҚШ долларида нархланиши билан боғлиқ ноқулайликлардан норозилик билдиришган. Ўтиш жараёнининг ўзи катта маблағларни талаб қилади, бу арзонга тушадиган тадбир эмас. Бироқ, Ҳаракатлар Стратегиясига кўра, ҳамма миллий валютада нархлашга ўтади: мобил операторлар ҳам, интернет-провайдерлар ҳам. Қарор шу йил охиригача ишлаб чиқилади ва келгуси йилдан амалга оширила бошлайди”, - дея қайд этган Умиджон Аълам.

Бу қарор ҳақида мутахассисларнинг таҳлили лозим, дейди мухбиримиз. Чунки, ҳозир долларнинг расмий ва қора бозордаги қийматлари кескин фарқли, фарқ давом этаверса нима бўлади, фарқ йўқ қилинса нима бўлади, деган саволларга жавобни фақат мутахассислар бероладилар.