23 April 2017
20:29 - Мусулмонлар, биз учун бундан ҳам муҳим бўлгани, ўзбеклар ким ўзи? Алишер Навоийга кўра, улар одам эмас бўлиб чиқмоқда, ўрисчасига обывателлар тўдасими?

Авваламбор эслатиш керакии, улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий ўз вақтида шундай деган:

Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидан ғами.

Баъзи манбаларда Алишер Навоий бироз бошқача ёзгани ҳам айтилади:

Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ва дин ғамидан ғами.

Хўш, миллатиимиз ва умматимизнинг аҳволи қандай, миллат ва умматнинг қандай ғамлари бор ва мусулмонлар, жумладан, ўзбеклар бу ғамларга қандай қарайдилар? Мана аҳволимиз, мана ғамларимиз:

- Ўзбекистон инсон эркинликлари бўйича машҳур Фридом Хаус (Freedom Hоuse) ташкилоти тарафидан тузилган жаҳон давлатлари рўйхатида охиридан иккинчи ўриндадир. Қирғин-барот уруш ичидаги Сурия давлатидагина инсон эркинликлари бўйича аҳвол Ўзбекистонимиздан ёмон. Ўзбекларнинг бу билан иши борми, бу ғамдан ғами борми? Йўқ.

- Қирғиз фашистлари 2010 йилда ўзбекларни тириклайин ёққанда, ўзбекнинг қиз-аёлларини подалашиб зўрлаганда, 3 кунда 300 ўзбекни ваҳшийларча ўлдирганда жаҳон бўйича сони 30 миллиондан ошган ўзбек миллати ҳамма тешикларини қисиб ўтириб, миллатнинг ғамидан ғами йўқлигини намойиш қилди.

- Ҳозир миллиондан кўп ўзбеклар йиллаб-ойлаб оиласини кўрмасдан чет элларда қуллардек ишлаётгани, мамлакатимизда ўртача ойлик қўшни Қозоғистондан 5-6 баравар камлиги, ўзбек профессорлари ва сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош олишига ўзбеклар чидаб ўтирибдилар. Аслида ўзбекларнинг бундай нарсалар билан иши ҳам йўқ, миллатнинг ғамидан ғами йўқ.

- Қўшни мамлакатларда ўзбекларни она ерларидан сиқиб чиқариш ва ўзбек мактабларини бекитиш давлат сиёсатига айлангани, тахминан 5 миллион ўзбек яшайдиган Афғонистонда битта ҳам ўзбек мактаби йўқлиги билан ўзбек миллатининг иши ҳам йўқ.

- Динимизнинг аҳволига қаранг. Мусулмонлар ҳалигача Қуръоннинг 8-9-чи асрларда қилинган тафсири асосида яшамоқдалар. Оддий бир мисолни олайлик. Уша пайтда Ернинг думалоқлиги ва Ер Қуёш атрофида айланишини ҳам билмаган Ислом уламолари Каъбага қараб намоз қилишни фарз деб эълон қилдилар. Ваҳолангки, Каъбанинг горизонтидан ташқарида туриб Каъбага қараб намоз қилиб бўлмайди. Ҳозир мусулмонларнинг сал кам 100 фоизи аслида осмонга қараб намоз қилади, аммо Каъбага қараб намоз қилмоқдамиз деб ўйлайди. Динимизнинг бошқа фарзлари ва бошқа тушунчалари ҳам хато тафсир қилинган. Демак, мусулмонлар, жумладан, ўзбек мусулмонлари, ҳозир хато эканлиги маълум бўлиб қолган тафсирга асосланиб, иккиюзламачилик билан яшамоқдалар. Бу ҳақда ўйлайдиган ўзбеклар, мусулмонлар борми? Йўқ.

- Айнан шу иккиюзламачилик ҳаёт туфайли Ислом дунёси ҳозир жаҳоннинг энг қолоқ ва қашшоқ қисмига айланмадими? Айнан шундай. Аммо, мусулмонлар динимизнинг бу аҳволи ҳақида ўйлайдиларми, мусулмонларнинг бу ғамдан ғами борми? Йўқ!

- Мусулмонлар охирги минг йил ичида биронта янгилик яратолмадилар, биронта кашфиёт қилолмадилар ва ҳозир насронийлар ҳамда яҳудийлар яратган замонавий дунёда уларга хизматкор бўлиб яшамоқдалар. Агарда жаннатсимон ҳаёт даражасига чиқиб бўлган Ғарб, Япония, Жанубий Корея ва Австралия каби давлатлар эшикларини очса, мусулмонлар ўз динларидан ҳам воз кечиб, ўша фаровон давлатларга кўчиб кетишга тайёрлар. Мусулмонларнинг, жумладан ўзбек мусулмонларининг бу аҳволимиз билан иши борми, бу ғамдан ғами борми? Йўқ!

- Ҳозир ҳамма кўриб турибдики, дунёда “Ислом” ва “ислом терроризми” тушунчалари синонимга айланиб бормоқда. Дунё бўйлаб “мусулмонлар инсониятнинг душманидир” деса бўладиган тушунча шаклланмоқда. Аммо, мусулмонлар, биринчи навбатда, Ислом уламолари бунга қарши бирон нарса қилишни ўйламоқдаларми? Динимизнинг бу ғамидан кимнинг ғами бор? “Бирлик” ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат”дан бошқа ҳеч кимнинг.

- “Бирлик” ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Ислом дини ва Ислом дунёсини бу оғир аҳволдан олиб чиқишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш кераклигини айтмоқда. Билмаганлар учун билдириш керакки, дунёвийлик/секуляризм – ҳукумат ва бошқа ҳуқуқ манбалари ҳар қандай дин ва диний ишончлардан ажралган ҳолда яшаши кераклиги ҳақидаги тушунчадир. Аммо, бундай нарсаларни “Бирлик” ва “Ҳаракат” каби тушунадиганлар, динимизнинг асосий ғамидан ғами борлар қаерда? Бундайлар йўқ.

Демак, улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг юқорида келтирилган сўзларидан келиб чиқсак, бутун миллат ва умматимиз одам сифатини йўқотиб бўлмадими?

Хўш, одам бўлмасак, киммиз ўзи?

Миллат ва умматимизни расмдаги пода билан тенглаштириш - сўз бойлигимиздаги камчиликлардан келиб чиқмаяптими? Балки, шундайдир. Ундай бўлса, бошқаларнинг сўз бойлигидан фойдаланиш керакмасми?

Масалан, ўрисларда ОБЫВАТЕЛЬ деган сўз бор.

Tермин “обыватель” - в современном языке - ограниченный человек с мещанскими взглядами. Мещанин - это человек, для которого характерны такие черты, как мелочность, скупость, отсутствие твёрдых убеждений, чувства ответственности перед обществом.

Яъни, ОБЫВАТЕЛЬ – ҳеч нарсага қатъий эътиқоди бўлмаган, назари паст, зиқна, жамият ва миллат олдида маъсулият сезмайдиган, дунё қараши ўта чекланган одамдир.

Қаранг, “Ҳаракат” ўзбекларнинг, аслида, ҳамма мусулмонларнинг, овқат ейиш ва туалетга боришдан бошқа нарсалар билан ортиқча иши йўқлигини айтаётганда, миллатимиз ва умматимиз айнан обывателларга айланганини айтаётгандек бўлиб чиқмаяптими?

Шундай экан, Алишер Навоий айтганидек, одам сифатини йўқотиб бўлган мусулмонлар ва, жумладан, ўзбекларни расмдаги пода билан солиштирмасдан ва ҳақорат қилмасдан, ўрисчасига ОБЫВАТЕЛлар тўдаси десак, маданийроқ бўлмайдими?

Шундай экан, ҳозирги аҳволдан чиқиш учун косметик ўзгартиришлар етарсиз эканлигини тушуниш ва ҳозирги аҳволимизнинг илдизларини ўзгартириш ҳақида ўйлаш керакмасми?

Ҳа, шу каби саволлар устида ўйлаш, ҳаёт тарзимизда, аслида, динимизда фундаментал ислоҳотлар қилиш керак. Қолаверса, “қилиш керак” ибораси етарсиз, шундай қилиш шарт.