18 April 2017
21:31 - Пойтахтнинг Чилонзор ва Юнусобод туманларига ҳокимлар тайинланди
2014 йилдан Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни кучайтириш Давлат қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Даврон Ҳидоят Тошкент шаҳар Чилонзор туманига ҳоким этиб тайинланди. Ҳолбуки, бу одам ўтган ҳафта республика бўйлаб ўтказилган селектр мажлисида президент Шавкат Мирзиё тарафидан ишдан олинганди. Мутахассислиги иқтисодчи-молиячи бўлган Ҳидоятов¸ 2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan ҚК бош директори лавозимларида ишлаган.

Сўнгги 4 йилда Ўзбекистон давлат Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини бошқариб келган Бахтиёр Абдусамат эса Юнусобод туман ҳокими этиб тайинланибди. Бу шахс ҳам юқорида номи келтирилган мажлисда интизомий жавобгарликка тортилганди.

Республика даражасидаги амалдан туман ҳокимлигига туширилган ҳар иккала расмий¸ президент Шавкат Мирзиëнинг танқидига учраган¸ хусусан¸ январь ойидаги ҳукумат йиғилишида президент Ҳидоятовни “оëғи ердан узилган ноинсоф” деб атаган, бу ҳадда маҳаллий матбуот хабар берган эди.