22 March 2017
22:03 - Жуда қизиқ: Андижоннинг бечора ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмон Новосибирскка сафар қилибди

Ўрис матбуотига кўра, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмон бошчилигидаги вилоят туманлари ҳокимлари, тадбиркорлар, саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарларидан иборат ишчи делегация Новосибирскка ташриф буюрди. Новосибирск вице-губернатори Владимир Знатков билан учрашган ҳоким бир қатор келишувларга эришибди.

Новосибирск вилояти билан Ўзбекистон ўртасида иқтисодий, маданий ва савдо алоқалари кенг йўлга қўйилганини таъкидлаган Знатков, бу ҳолат келгуси ҳамкорнинг янада ривож топишига асос бўлишига эътибор қаратди. “Хусусан, Андижон вилояти билан саноат, тиббиёт ва таълим соҳасида кенг ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Келгусида савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш учун мавжуд бўлган йирик салоҳиятдан тўла фойдаланамиз” деган мезбон.

Икки вилоят ўртасида маданий-маърифий соҳаларда, туризмда, таълим ва тиббиётда ўзаро ҳамкорликнинг янада ривожлантиришнинг аҳамиятини таъкидлаган Шуҳратбек Абдураҳмонов, ташрифнинг яна бир асосий мақсади иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Андижондан Новосибирскка сифатли мева ва сабзавот таъминотини янада кенгроқ йўлга қўйиш, вилоят саноат маҳсулотларининг маҳаллий бозорда улушини кўпайтириш эканини билдирган.

Бу хабар фақат қизиқ эмас, жуда муҳимдир, дейди мухбиримиз. Аммо, унутмайликки, Россия бутунлай бозор иқтисодига ўтиб бўлган давлат, Ўзбекистонда эса маъмурий-буйруқбозлик системаси ҳалигача ҳаётда. Бизнинг Андижонлик ҳоким билан Новосибирск вице-губернатори (қаранг, бечора ҳокимимизни губернатор қабул ҳам қилмабди) хоҳлаганларича келишишлари мумкин, аммо русларнинг ширкатлари бозор иқтисоди доирасидагина Ўзбекстон билан бирга ишлашлари мумкин. Бизда бозор иқтисоди йўқми, демак, ҳеч қандай жиддий ҳамкорлик бўлмайди, бўлолмайди.

Нима ҳам дердик, бечора Шуҳратбек Абдураҳмон!!! Расмда у юртимиздан ўзимиз улоқтирган Бобир ҳақида баландпарвоз гаплар гапирмоқда.