22 March 2017
19:33 - Президент Шавкат Мирзиёнинг Қозоғистонга сафари бошланди, у Остонага келиб бўлди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиё расмий ташриф билан Қозоғистонга кетди.

Шавкат Мирзиё Остонага маҳаллий вақт билан кечқурун соат 6 атрофида (Тошкентда 5 атрофида бўлади) етиб келгани, уни аэропортда Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев, унинг ўринбосари, ташқи ишлар вазири ва Остона ҳокими кутиб олгани ҳақида Бош вазирнинг матбуот хизмати ўз сайтида эълон қилди. У ерда ўта қисқача айтилишича, Шавкат Мирзиё Нурсултон Назарбой билан учрашади, учрашувда икки тарафнинг ҳамкорлиги билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади. Кутиб олиш расми ҳам ўша сайтдан олинган.

Ўзбекистон Ташқи игшлар вазирлигига кўра, томонлар қатор икки томонлама ҳужжатлар ва тижорий битимларни имзолашни режалаштиришган. Бундан ташқари, минтақавий ва халқаро сиёсат масалалари муҳокама этилади.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, ушбу ташриф якунларига кўра, икки томонлама давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро мазмунга эга бўлган кўплаб ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган. Олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинади.

Ўзбек делегацияси таркибида иқтисодиётнинг енгил, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик, кимё, тоғ-кон ва нефтгаз саноати вакиллари бор.