21 March 2017
03:12 - Белгиянинг турк аслли Тенг Ҳақлар ва Йўқсилликка Қарши Кураш Вазири мусулмон аёлларнинг ҳижобини тақиқлаш қонунини олқишлади
Туркиядаги энг катта Миллиёт газетаси Бельгияда чиқадиган De Tijd газетасига асосланиб хабар тарқатишича, Бельгиянинг Тенг Ҳақлар ва Йўқсилликка Қарши Кураш Вазири, турк аслли Зуҳол Демир (расмда) Европа Судининг мусулмон аёлларга ҳижоб каби кийимларда ишга келишни иш ери эгалари тарафидан тақиқланишига рухсат берувчи қарорини қўллаб-қувватлабди.

Шу йил 14 мартдаги хабаримиздан маълумки, Европа Суди мусулмонларни тилга олмасдан иш ерларига диний рамзи бор бўлган тақинчоқлар, кийимлар билан келишини ўша иш ерларининг эгалари тарафидан тақиқланишига рухсат берувчи қарор чиқарган эди. Аммо, ҳамма бу қарор мусулмон аёлларнинг ҳижоб каби кийимлари ҳақида эканлигини гапирмоқда. Аслида ҳам, айнан шундайдир.

Бельгянинг трк аслли вазири шу қарорни олқишлар экан, “мусулмонларга зўрлаб бўлса ҳам Ғарбнинг қадриятларини қабул қилдириш керак” дебди.

Табиий, Зуҳол Демир Ғарбга кўчиб келган мусулмонлар ҳақида гапирмоқда ва тўғри гапирмоқда. Ғарб ривожланган жой бўлгани ва Ислом дунёсида бўлмаган фаровонлик яратилгани учун мусулмонлар бу ерга келмоқдалар. Келаяптиларми, бу қадриятларни тан олишга мажбурлар, тан олишни истамайдиганлар Ғарбга келмасинлар, тамом-вассалом. Ўз қадриятлари билан қашшоқликда яшайверсинлар.

Аммо, Ислом дунёсининг муаммолари кийим ва тақинчоқларгина эмас. Ислом дунёсини ҳозирги қолоқлик ва қашшоқликдан чиқариш учун Ислом динида чуқур ислоҳотлар ўтказиш, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш лозим. Ислом дунёси, авваломбор, Ислом уламолари ислоҳотларга тайёр эмаслигини ҳисобга олсак, Зуҳол Демир айтаётгандек, Исломда ислоҳотларни зўрлаб қилдириш керак эмасми? Айнан мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, айнан шундай қилиш керакка ўхшайди.