19 March 2017
17:04 - Шавкат Мирзиё Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки президентини қабул қилди, учрашувдан тўғри хулоса чиқардими, чиқарадими?

Президент Шавкат Мирзиё 16 март куни Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабартини қабул қилгани ЎзА тарафидан ўша куниёқ эълон қилинган экан. Аммо, қўғирчоқ ахборот воситалари одатдагидек ишларини қилмасдан бу хабарни айни шаклда тарқатмабдилар, “Ҳаракат” ҳам бундан хабарсиз қолибди.

ЎзАнинг умумий гаплардан иборат қисқа хабаридан бу учрашувнинг моҳиятини тушуниб бўлмайди, балки, тушунишга лойиқ бирон гап ҳам бўлмагандир. Аммо, хабардан қуйидагиларни билиш мумкин:

1. Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёдан олдин Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, номи айтилмаган вазирлик ва идораларда ҳам бир қатор музокаралар ўтказибди.

2. Шу пайтгача бу банкнинг ёрдамида Ўзбекистонда бор-йўғи 500 миллион долларлик 54 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган экан.

3.ЕТТБ билан Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик ҳақида меморандумдан ташқари яна биттагина ҳужжат имзоланибди. Бу ҳужжат - ЕТТБнинг Ўзбекистонга табиатни муҳофаза қилиш соҳасида техник кўмаклашиш лойиҳаси.

4. Шавкат Мирзиё ҳаромий отаси Ислом Карим яратган анъанани давом эттириб, хабарга ўзининг Сума Чакрабарти билан тушган расмини ҳам қўйдиртирмаган. Уларнинг алоҳида расмлари берилган. Улардан бирини биз ҳам ўз хабаримизга қўйдик. Бу расмдаги икки кишидан ўнгдагиси Сума Чакрабартидир. Жойи келиб қолгани учун айтиш керакки, Сума Чакрабарти Ҳиндистонда туғилган, аммо ёшлигидан Англияда яшайди, шу давлатнинг фуқароси.

Маълумки, дейди мухбиримиз, ЕТТБ ўзи ҳамкорлик қиладиган давлатларга демократик жараёнларни ривожлантириб бориш тўғрисида талаблар қўядиган жаҳоннинг ягона банкидир. Шундай талаблар Шавкат Мирзиёга ҳам қўйилганига шубҳа йўқ. Талаблар бажарилишга бошлансагина, ЕТТБ табиатни муҳофаза қилишдан бошқа соҳаларда ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, ўзбек миллатининг бош душмани, ҳаромий Ислом Карим “Бирлик” халқ ҳаракатининг шу аср бошида қайтадан шаклланишига йўл бермай келаётган пайтда, ЕТТБнинг катта мажлиси 2003 йил май ойининг бошларида бир неча кун Тошкентда ўтказилишидан усталик билан фойдаланган “Бирлик” раҳбарлари ўз қурултойларини айнан Тошкентда 6 май куни ўтказиб олган эдилар. Шундан кейин “Бирлик” кучли равишда шаклланишни давом эттирди, партияга айланди ва партияни рўйхатдан ўтказтириш учун ўз тарафдорларидан 21 минг кишининг имзосини тўплаб, Адлия вазирлигига топширди, 2004 йилги парламент сайловларида иштирок этиш учун бир қатор округлардан ўз номзодларини ҳам кўрсатишга муваффақ бўлди.

2005 йил май ойида Ўзбекистон МХХси ўз назорати остидаги акромийлардан фойдаланиб Андижонда қонли воқеалар уюштирди, Ислом Карим бунинг баҳонасида репрессив сиёсатини қайтадан йўлга қўйиб, “Бирлик”ни тўхтатолди.

Кўрамиз, Шавкат Мирзиё бу воқеалардан тўғри хулоса чиқарадими?