26 February 2017
15:20 - АҚШнинг Янги Орлеан шаҳрида ҳаммани теракт деб қўрқитган воқеа
АҚШнинг Кариб денгизи соҳилидаги Луизиана штатининг расмий маркази бўлмаса ҳам, энг катта шаҳри Янги Орлеанда кеча кечқурун кўп одамнинг жароҳатланишига сабаб бўлган автомобилнинг иштирокидаги инцидент, яъни кўнгилсиз ҳодисага бир неча йил аввал ҳеч ким эътибор ҳам бермаган бўларди. Чунки, автомобилларнинг сони одамлар сонига яқинлашиб бораётган ривожланган давлатларда, минг афсуски, автоинцидент ва автоҳалокатлар ҳар бир дақиқа, ҳар сонияда бўлиб ётибди.

Аммо, ўтган йили 15 июлда Франциянинг Ницца шаҳрида тунислик мусулмон ўз бошқарувидаги катта юк автомобилини қасддан денгиз соҳилида Бастилия кунини байрам қилаётган минглаб одамларнинг устига юрғазиб, 80 дан кўп кишини ўлдиргани, 100 дан кўп кишини ярадор қилганидан кейин ҳамма нарса ўзгарди. Автомобиллар ёрдамида осонлик билан бу каби терактлар қилиш мумкинлиги ҳаммани хавотирга солиб қўйди Кеча Янги Орлеанда юз берган инцидентга ҳам аввал шу нуқтаи назардан қаралди.

Тезда маълум бўлдики, ичкилик ёки наркотиклардан маст бўлган бир пикап, яъни кичкина юк автомобилининг ҳайдовчиси ўз автомобилини қандайдир маҳаллий байрамни нишонлаётган одамлар устига буриб юборибди ва камида 28 кишини жароҳатлантирибди. Ўша ҳайдовчи қўлга олинган, текширувдан ўтказилмоқда.

Шаҳар расмийлари бу воқеа теракт эмаслигини айтаётган бўлсалар ҳам, ҳали кўриш керак, у ҳайдовчи исломчи террорист бўлиб чиқса ажаб эмас.