22 February 2017
21:34 - Самарқандда миршаббоши пора билан ҳибсга олинди
Sputnik нашрининг хуфяларга таяниб ёзишича, Самарқанд вилояти Миллий Хавфсизлик Бошқармаси тезкор гуруҳ ходимлари вилоят прокуратураси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган махсус операция натижасида Самарқанд ИИБ Қўриқлаш бўлими раҳбари подполковник Нодир Саматовни қўлга олишди.

"Подполковник Саматов, амалдаги инструкцияларни бузган ҳолда, бўлимнинг навбатчиликка киришган шахсий таркиб ҳходимларини асоссиз равишда дам олиш кунларидан маҳрум қилган. Ҳар бир ходим қонунда белгилаб қўйилган дам олиш кунини ўз бошлиғидан 200-250 минг сўм эвазига "сотиб олишга" мажбур бўлган. Шу тариқа, Саматов сўнгги йил ичида ўзига бўйсунган ходимлардан 40 миллион сўмга яқин пора олган", - деб хабар қилди МХХ ходими.

МХХ ходимининг сўзларига кўра, тезкор гуруҳ ходимлари Нодир Саматовни хизмат кабинетида, у ўзидан қуйи поғонада турувчи бўлим командиридан 1 миллион сўм пора олаётган вақтда қўлга олишган. Ҳибсга олиш жараёнидан сўнг Самарқанд ИИБ қўриқлаш бўлимининг барча ходимлари подполковник Саматовга қарши кўрсатма бергани ҳа айтилмоқда.