18 January 2017
19:23 - Никоҳидан ажралмоқчи бўлган эркак бола-чақасини бошпана билан таъминлаши керак, аммо бу ҳокимият ўйлаётгандек осон иш эмас
Спутник нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда яқин келажакда суд орқали ажрашиш жараёни анча енгиллаштирилади, айни вақтда қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш устида иш олиб борилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда судлар ажрим билан ўзаро боғлиқ масалалар алоҳида-алоҳида кўриб чиқилмоқда. Мисол учун, аввалига ажрим масаласи билан шуғулланилса, ундан кейин фарзандлар ким билан қолиши, шундан сўнг мол-мулк тақсимоти ва ҳоказо масалалар кўриб чиқилади.

"Биз ҳозирда ягона механизмни ишга туширмоқчимиз. Яъни бунда ажрим иши кўриб чиқилаётганда, фарзандларнинг ким билан қолишлари ҳамда аёл ва болаларнинг турар жой билан таъминланиши биринчи суд жараёнининг ўзида ҳал этилади", - деб таъкидлаган ҳокимлик вакили.

Суҳбатдош шунингдек, бугунги кунда эркакларнинг 90 фоизи аёли ва фарзандларини биргаликдаги турар жойдан қувиб солишаётгани ҳолати кўп кузатилаётганини айтиб, шу боис судлар эндиликда бу масалани ҳам зудлик билан ҳал этишларини маълум қилган.

"Агар эркак ўз рафиқаси ва болаларини ҳайдаб солса, улар фойдаланувчилар сифатида биргаликда турадиган уйларига қайтиб киритиладилар", - деб таъкидлаган манба.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил Ўзбекистонда 29,4 минг ажрим ҳолатлари қайд этилган. Ажримлар бўйича етакчи ўринларни Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари эгаллаган.

Аммо, дейди мухбиримиз, бу масалада ҳокимлик расмийлари тушунмайдиган яна бир жиҳат бор. Ўзбекларнинг кўпчилиги ота-онаси тарафидан ўйлантирилади ва янги оила ота-онанинг номида бўлган уйда яшашга бошлайдилар. Оила бузилса, келинни қўйиб туринг, унинг эри ҳам ўз ота-онасининг уйига даъвогорлик қилолмайди, чунки, ота-она ўз уйларини кимга истаслар ўшанга васият қилиб қолдирадилар.

Шундай экан, оиласидан ажралаётган эр ўз хотини ва фарзанларини қандай қилиб уй-жойлик қилиш масаласи устида жиддий ўйлаш керак.