17 January 2017
16:20 - Ўзбек террорист Абдуқодир Машариповнинг қўлга олинишига доир хабарларда жиддий янгилик йўқ
Ўзбек террористи Абдуқодир Машарипов (лақаби - Абу Муҳаммад Хурасоний) бугун ярим кечаси Истанбулнинг Эсенюрт туманидаги бир уйда қўлга олинганини хабар қилар экан, маҳаллий вақт билан эрталаб Истанбул губернатори ва шаҳар хавфсизлик хизмати раҳбари бу хусусда баёнот беришларини ҳам айтгандик.

Шундай бўлди, ҳокимиятнинг бу икки расмий вакили – Истанбул губернатори Васип Шаҳин ва шаҳар Хавфсизлик Бошқармасии раҳбари Мустафо Чалишкан журналистлар олдига чиқиб, террористнинг қўлга олиниш билан боғлиқ воқеаларнинг тафсилотларини билдирдилар. Аммо, биронта пичоққа илинадиган янгилик йўқ.

Нимамиш, Абдуқодир Машарипов турган уйга полиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари кеча 23:40 да эшикни бузиб киришибди, у ердаги 5 кишини ушлаш 20 дақиқада битибди. Машарипов қурол ишлатишга улгуролмасдан, краватининг тагига кириб олибди, аммо у ердан тезда чиқариб олинибди. 2 хона ва бир салони бўлган уйнинг ҳамма деразалари парда билан бекитилган эмиш.

Уйдан 197 минг АҚШ долари ҳам топилибди. Аввалги хабариимзда қўлга олингларнинг бири Машариповнинг ўғли эканлиги айтилганди. Бунга ҳеч қандай изоҳ бермасдан, иккинчи ушланган одам ироқли эканлиги урғуланган, ушланган 3 аёл турли мамлакатлардан эканлиги, террор воқеасидан кейин бошланган турли махсус операциялар давомида 50 киши ушлангани айтилган. Хуллас, шунга ўхшаш гаплар.

Дарвоқе, 1983 йили туғилган Машарипов 4 тилни билади, Афғонистонда террорчилик дарслари олган, Туркияга 2016 йилнинг январь ойида келгани тахмин қилинмоқда. У қўлга олиниши биланоқ тунги клубга қилган ҳужумини бўйнига олибди.

Яъни, бир неча дақиқада 39 кишини ўлдириб, 70 дан кўп одамни ярадор қилишга улгурган даҳшатли террористнинг ушланишига яраша ҳеч қандай жиддий янгилик йўқ. Ҳатто, исми-шарифига қараганда хоразмликка ўхшаб кетаётган Машарипов қайси мамлакатнинг фуқароси эканлиги ҳам айтилмайди.