16 January 2017
19:55 - Ўзбекча масхарабозлик: Шавкат Мирзиё йил якунлари бўйича ўз ҳукуматининг аъзоларидан дарғазаб

Кеча тунда Ўзбекистон ТВнинг марказий каналлари орқали Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси олиб кўрсатилди. Унда йил якунларидан кўнгли тўлмаган президент Шавкат Мирзиё аҳолининг реал даромадлари ўтган йили 11 фоизга ошгани, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 15 фоизга, пенсия ва ижтимоий нафақалар 12,1 фоизга ўсганини қайд этди.

Шунингдек, вазиятни танқидий баҳолаб, "Ўзнефтмаҳсулот" ва “Ўзкимёсаноат” ширкатлари раҳбарларини ишдан олди. Бош вазирнинг ўринбосари Ибрагимов ҳамда Рўзиқуловларга хайфсан эълон қилди. Бош вазирнинг яна бир ўринбосари Рустам Азимов фаолиятини кескин танқид остига олди.

Мажлисда Шавкат Мирзиё “Ўзнефтмаҳсулот” ширкати раҳбари Бахтиёр Султоновга қарата: "Шундай катта ташкилот раҳбари 1 триллион қарзингиз бор, индамай юрибсиз, давлат пули-ку бу, агар бу бюджетга тушганда қанча пул бўларди? Нимага 5 йилдан бери бирорта янгилик йўқ? Шу боис Султоновни ишдан олиш тўғрисида таклиф эмас, қарор қабул қилинди", - деди. Шунингдек, "Ўзкимёсаноат" жамияти раиси Нормат Ибрагимовни ҳам ишдан олишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёнинг масхарабозлиги шундан иборатки, айнан унинг ўзи яқингача Бош вазир эди. Демак, унинг кечаги танқидлари ўзига қаратилиши керак эмасмиди? Нима, у “Ўзнефтмаҳсулот” ширкатининг 1 триллион қарзи борлигини билмасмиди? Билмаса, у қанақа Бош вазир бўлган ўзи? Билган бўлса, Бахтиёр Султоновнинг айбида унинг ҳам улуши йўқми? Табиий, бор.

Қолаверса, ўтган йилнинг натижалари кўрилар экан, ўзбек профессорларини қозоқ дворникларидан кам маош оладиган ҳолга ким туширди, Шавкат Мирзиёнинг бундан хабар бормиди, деган саволлар ҳам қўйилдими?

Хуллас, қаёққа қараманг, худди Ислом Карим замонида каби ҳаммаёқда масхарабозлик.