05 December 2016
21:18 - ВИЖДОН АСИРИ – АБАДИЙ ТУТҚУНМИ? (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №25, 05.1.2016)
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов диний экстремик оқимларга кириб, сўнгра тузалиш йўлига кирган маҳкумларга нисбатан умумий авфлар қўлланилиши ҳамда уларнинг муддатидан аввал озодликка чиқарилиши ҳақида ўз чиқишларида кўп гапирган. Биринчи Президентининг мазкур чақириғи мамлакатимиздаги кўплаб виждон асирларининг хонадонларини хурсандчиликка тўлдирган. Аммо бу ваъда ҳам бошқалари каби пуч бўлиб чиқди: виждон тасирларига нисбатан муносабат қамоқхоналарда ёмонлашса ёмонлашмоқдаки, ижобий томонга бурилаётгани йўқ.

Ўз вақтида ваҳоббийлик диний радикал оқимига мансубликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган қўқонлик Умархон Жалилов оммавий ахборот воситалари қаҳрамонига айланган. Бир муддатлик шов-шувлардан сўнг матбуотчиларнинг ёдидан кўтарилган Умархонннинг онаси Замира Жалилова энди “Эзгулик”ка кичик ўғли Зикриёхон Умаровнинг айнан диний радикал оқим аъзолигида гумонланиб, қамалгани ва Қашқадарё вилоятининг Шайхали посёлкасидаги жазони ижро этиш муассасасида шафқатсиз қийноқларга тутилаётганидан шикоят қилиб келибди.

“Шу йилнинг ноябрида Зикриёхонни 6 ойлик муддатга карцерга ташлашибди. Унгача қамоқхона маъмурлари уни муттасил қийноқларга солишган. Ахир, нега унақа қилишади? Ундан нима талаб қилишади, тушунмайман. Қонунларимизда қийноқ деган нарса йўқ, қолаверса, оиласидан кимдир диний радикал оқимга аъзо бўлган бўлса, нега унинг бутун оиласи билан қатағон қилишади? Ахир, ўтган асрдаги Стали-у Берияларнинг вақти ўтмаганми?” дейди Замира Жалилова.

Фарғона вилояти Қўқон шаҳар Турсунобод кўчаси 17-уйда яшаган Жалиловларнинг каттаси Умархоннинг битган 9 йиллик муддатига ўтган йили яна 3 йил-у 14 кун қўшиб берилди. Хонадоннинг кичиги Зикриёхонни эса карцерда ўлдиришмоқчи. Она Замира Жалиловани эса ваҳҳобийларнинг онаси дея ҳеч ким тингламайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти айни соатларда Шавкат Мирзиёевнинг президентлик сайловларидаги ғалабасидан сармаст виртуал қабулхонаси мутасаддилари эътиборини ана шу жафокаш аёлнинг мурожаатига қаратади.