03 December 2016
10:46 - ЕИ сиёсий маҳкум Самандар Қўқоновнинг озод қилинганини олқишлади

Европа Иттифоқининг Ташқи масалалар бўйича маҳкамаси сиёсий маҳбус Самандар Қўқоновнинг озод этилишини олқишлади. Шу муносабат билан тарқатилган баёнотда: “Бу келажакда икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамаланиши эҳтимоли борасидаги умидбахш хабардир, амнистия ҳақидаги фармонга биноан янада кўпроқ маҳбусларнинг озод этилиши бу йўналишда қўйилган ижобий қадам бўларди”, -дейилади.

Бир муддат аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам Самандар Қўқоновнинг эркинликка чиқарилганини олқишлаб, “Ўзбекистон ҳукуматини маҳбусларни келгусида ҳам озод этиш учун давомий равишда амнистия қўллашга чақирамиз”, деганди.

Бугун “Ҳаракат” мухбирларидан бири Парламентнинг собиқ депутати Самандар Қўқонов билан пойтахтдаги Федерович клиник шифохонасида учрашди. Самандар Қўқоновнинг айтишича, унинг соғлиғи жуда яхши, мамлакатнинг янги раҳбари шарофати билан қамоқдан озод қилинди. У ўзининг озод қилинишида кўрсатган саъй-ҳаракатлари учун жамоатчиликка миннатдорчилик билдирди.