30 November 2016
23:31 - Тошкентдан Душанбега сўнгги 24 йилда илк марта самолёт учди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрига илк парвозни амалга оширди. “30 ноябрь куни Тошкент – Душанбе – Тошкент йўналиши бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси чартер рейсни амалга оширди”, - дейилади ТИВ хабарида.

Бундан олдинроқ Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида авиақатновларни тиклаш бўйича келишув имзоланганди. Тожикистон авиаширкати раҳбари Юсуф Раҳмон мазкур базавий ҳужжат асосида ҳукуматлараро келишув имзоланиши ва мунтазам авиақатновлар тикланишини айтди.

“Айнан Тожикистон авиараҳбарияти туфайли биз бугун мана шундай ўзаро манфаатли қарорга келдик. Ўзбекистон томони январдан Душанбега парвозларни амалга оширишга тайёр”, - деган тожик расмийси РИА Новости агентлигига. Агентликнинг маълум қилишича, 2017 йилнинг январидан бошлаб Душанбе-Тошкент-Душанбе авиарейси ҳафтада икки марта “Сомон-Эйр” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.