26 October 2016
07:45 - Таниқли режиссёр Мэлс Абзалов вафот этди, Швецияда дафн этилади, Ўзбекнинг бошқа қаҳрамонлари ҳам чет элларда тупроққа берилган

Швециянинг Стогольм шаҳрида таниқли режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Мэлс Абзалов юрак хуружи туфайли оламдан ўтди. Машҳур “Ўтган кунлар”, “Майсаранинг иши”, “Суюнчи” сингари дурдона киноасарлар муаллифи шу йилнинг 18 ноябрь куни 78 ёшга тўлган бўларди.

Сталин замонининг қора кунларида туғилган болага Мэлс (Маркс-Энгельс-Ленинг-Сталин) исми берилишини ўша кунларнинг реалликларни нуқтаи назаридан тушуниш керак. Аммо, бу буюк инсон Маркс-Энгельс-Ленинг-Сталинга эмас, ўз миллатига хизмат қилди. У сўнги йилларда Стокголмьда қизи ва набиралари билан бирга яшаб келганди.

Режиссёр бугун 26 октябрда Стокгольмдаги мусулмонлар қабристонида тупроққа берилади. Унинг ҳоки нима сабабдан швед тупроғида қолаётганига ҳайрон қолмаслик керак. Ўзбекнинг асл фарзандлари Вали Қаюмхон Ота, Боймирза Ҳайит, Эргаш Булоқбоши кабилар ҳам Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин оламдан ўтдилар, аммо чет элларда тупроққа берилдилар. Вақти келади, Ўзбекистонда ҳокимиятни ўзбеклар қўлга олади ва миллатимизнинг буюк фарзандларининг ҳоки Ўзбекистонга олиб келинади.

Мэлс Абзаловни Оллоҳ раҳматига олсин!

Расмда - Мэлс Абзалов ўртада.