25 October 2016
21:22 - Яхши хабар: “Эзгулик” фаоли Бобомурод Раззоқ озодликка чиқарилди
Бугун, яъни 25 октябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 63 ёшли Бобомурод Раззоқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/3-сонли муассасадан озодликка чиқарилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани суди ҳукмига кўра, Бобомурод Раззоқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия Кодексининг муддатидан аввал шартли равишда озодликка чиқариш моддаси билан озод қилинди.

Бобомурод Раззоқовнинг колониядан чиқарилишида иштирок этган “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятовага кўра, унинг аҳволи бирмунча яхши, ўзини тетик ҳис қилмоқда. Бобомурод Раззоқов колония инспекторларининг кузатувида Бухорога жўнаб кетди.

Эслатиб ўтамиз, Бобомурод Раззоқов жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси)да айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган. У 3,3 йилдан кейин муддатидан аввал шартли равишда озодликка чиқарилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Бобомурод Раззоқ озод қилиниши муносабати билан тарқатган баёнотида ҳуқуқ фаолининг муддатидан аввал озод қилиниши олқишланган.

2015 йил 28 сентябрдаги хабаримиздан маълумки, ўша пайтда “Эзгулик” жамияти “ҳуқуқ ҳимоячиси бу йил ҳам озод қилинмайдиганга ўхшайди”, деб афсусланган эди. Мана бир йилдан кейин Бобомурод Раззоқ озод қилинди. Бу ҳам яхши хабар.