24 October 2016
23:15 - Муваққат президент Сирдарёда бир даста ҳокимларни алмаштирди, аммо бундан ҳеч нарса ўзгармайдику!
Муваққат президент Шавкат Мирзиёга кўра, ҳар қандай муаммони кадрлар ҳал қилади. Қачонки, қадрлар муносиб бўлса, иш ўз-ўзидан юришиб кетаверади. Маънавий отаси, саводсиз Ислом Каримдан қолган ана шу мантиққа эга муваққат президент Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин шаҳарлари, Оқолтин, Сайхунобод, Сардоба, Сирдарё туманлари ҳокимларини алмаштиришга буйруқ берди.

Гулистон шаҳрига Сирдарё вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Исматуллаев, Ширин шаҳрига “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти электростанциялардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илҳомжон Бегалиев, Оқолтин туманига Жиззах вилояти Зомин тумани “Автосаноат-агро-Жиззах” масъулияти чекланган жамияти раиси Ҳамрабой Раззоқов, Сайхунобод туманига Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Носиржон Эгамбердиев ҳоким этиб тайинланди.

Сардоба туманига эса Сирдарё вилояти прокуратураси қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи Шукурулло Турсунов, Сирдарё туманига “Сирдарёавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти директори Собиржон Назаров ҳоким этиб тайинланди.

Жамият муаммоалрини ҳал этишда кадрларнинг ҳам роли бор, дейди мухбиримиз. Аммо, бундан ҳам муҳими – ўша кадрлар ишлайдиган муҳитдир. Инсонларнинг эркинлик даражаси бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида охиридан иккинчи ўринда турган Ўзбекистондаги муҳитнинг номи – диктатурадир. Будан муҳитда яхши кадр ҳам самарали иш қилолмайди.

Шавкат Мирзиё миллат ва давлатнинг келажагини ўйлаётган бўлса, биринчи навбатда демократияга яшил чироқ ёқиши керак. Акс ҳолда, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Аҳолининг ўртача ойлиги бўйича Қозоғистондан 6-8 баравар орқадалигимиз қолаверади. Ўзбек профессороар қозоқ дворникларидан кам маош олиб юраверадилар.