21 October 2016
20:40 - Тошкентга АҚШ Давлат Котибининг ўринбосари Томас Шеннон келади, у демократия принципларига хоинлик қилмайдими?
Шу йилнинг 24-29 октябрь кунлари АҚШ Давлат Котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннон Марказий Осиё бўйлаб илк сафарини Қозоғистондан бошлайди. Сўнг Қирғизистонда бўладиган дипломат сафарини Тошкентда якунлайди. АҚШнинг мамлакатимиздаги элчилиги хабарига кўра, дипломат Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликдаги «С5+1» гуруҳи доирасида алоқаларни муҳокама қилади.

Шенноннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиши айтилмоқда. У ҳукумат расмий вакиллари, ишбилармон доиралар ва фуқаролик жамиятлари вакиллари билан учрашув ўтказади. Бундан ташқари, тарихий архитектура ёдгорликлари, хусусан Регистон ансамбли билан танишади. Президент Ислом Каримнинг қабрини зиёрат қилади.

Қизиқ, жаноб Томас Шеннон Ўзбекистондаги учрашувларида АҚШнинг машҳур Фридом Хаус ташкилоти Ўзбекистонни жаҳон мамлакатларидаги инсоний эркинликлар рўйхатида охиридан иккинчи ўринга қўйилганини тилга олармикан. Олмаса, демократия принципларига хоинлик қилган, ўз мамлакатидаги ташкилотга тупирган бўлади.