24 September 2016
22:33 - Абдулазиз Комил БМТ минбаридан Ўзбекистонда демократия бўлмаслигини, ташқи сиёсатда яккомоховлик давом этишини эълон қилди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Аблазиз Комилнинг кеча, 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқини қисқача шундай ифодалаш мумкин: “Ўзбекистонда ҳеч қандай демократия бўлмайди, ташқи сиёсатда яккамоховлик давом этаверади.”

Бу ҳеч қандай киноя эмас. Абдулазиз Комил ўз нутқида мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёга асосланиб, Ислом Карим чизиб берган йўлдан шаҳдам қадамлар билан юриш давом эттирилишини урғулаган.

Хўш, Ислом Карим чизиб берган йўл қандай? Кўзи кўр одам ҳам кўриб турибдики, Ўзбекистонда ҳозир ҳеч қандай демократия йўқ, инсон эркинликлари даражаси бўйича мамлакатимиз жаҳонда охиридан иккинчи ўринда. Яъни бу рўйхатда фақат Африкадаги Сомалия давлатидан олдиндамиз, Эритрея ва Шимолий Корея билан рўйхат охиридаги 2-4 ўринларни бўлишмоқдамиз. Қоғоздагина бор бўлган МДҲ ва ШҲТни ҳисобга олмасак, ҳеч қандай блокларга қўшилмаганмиз, демак, бундан кейин ҳам қўшилмаймиз.

Ҳозир дунёда ҳар бир давлат билан бошга-бош кўришиб олға кетиб бўлмайди. Чунки, биронта блокка қўшилган давлат билан бошма-бош кўришиш ҳам ўша блок қўйган чегаралар доирасида бўлади. Блокаларга қўшилмаган Ўзбекистон каби давлатларининг сони эса жуда оз.

Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ҳам аянчли аҳволда. Ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлмиш Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича ривожланган мамлакатлардан 30-50 баравар орқада эканлигимизни қўйиб туринг, қўшниларимиз Туркманистон ва Қозоғистондан 6-8 баравар орқадамиз. Аҳолининг ўртача ойлигида ҳам шунча орқадамиз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош оладилар.

Янги ҳокимиятдаги эскилар – Шавкат Мирзиё ва Абдулазиз Комил - ҳеч нарсани ўзгартирмоқчи эмасларми, демак, эски аҳволда қолаверамиз. Глобаллашув асри бўлган 21 асрда яккамохов бўлиб яшайверамиз.

Шундай экан, ўзбеклар кўзини очиши ва бу аҳволдан чиқиш ўз вазифалари эканлигини, буни фақат ва фақат “Бирлик” атрофида бирлашибгина қилиш мумкинлигини тушуниб етишлари керак.