24 September 2016
20:24 - АҚШда президентлик пойгасида Клинтон Трампдан яна 4 фоиз олдинда, Нью-Йорк Таймс газетаси ҳам Клинтон тарафида

Rtuter Агентлиги сўровномалар ўтказиш билан шуғулланадиган Ipsos ташкилоти билан биргаликда 16-22 сентябрь куни ўтказган навбатдаги сўровномларининг натижаларини эълон қилди. Уларга кўра, ҳозир сайловчиларнинг 41 фоизи Демократик Партиянинг номзоди Ҳиллари Клинтон учун, 37 фоизи Республикачилар Партиясининг номзоди Доналд Трамп учун овоз бермоқчи. Яъни 4 фоиз фарқ билан Клинтон олдинда. 22 фоиз сайловчи бу икки номзодга овоз беришни истамайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалги сўровномаларда ҳам ҳар доим Ҳиллари Клинтон олдинда бўлса ҳам, аммо фарқ камайиб борар эди. Аммо, Ҳиллари Клинтон 2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йорк ва Вашингтонда уюштирилган терактларнинг 15 йиллигига муносабати билан Нью-Йоркда ўтказилган теракт қурбонларини хотирлаш маросими пайтида ўзини ёмон ҳис қила бошлаши, у ўзини олиб юрадиган автомобиль олдига қўриқчилари ёрдамида зўрға етиб борса ҳам, автомобилга ўтириш олдидан ҳушидан кетиб йиқилиши вазиятни ўзгартиргандек бўлди. Ўша воқеадан кейин пойгада икки номзод тенглашгани, ҳатто Доналд Трамп бироз олдинга чиққани ҳақида маълумотлар тарқатилди.

Бугунги эълон қилинган охирги сўровнома натижалари кўрсатмоқдаки, яна Ҳиллари Клинтон олдинда. Шу кунларда, аниқроғи 26 сентябрда бу икки номзоднинг биринчи марта теледебати бўлади. Сайловларгача яна 2 та дебат ўтказиш режалаштирилган.

Айнан шу дебатларда пойгадаги аҳвол жиддий равишда ўзгарииши мумкин. Бугун АҚШнинг энг машҳур Нью-Йорк Таймс газетаси Ҳиллари Клинтон тарафида эканлигини очиқлагани ҳам қизиқ.

“Ҳаракат”нинг фикрича 8 ноябрда бўладиган сайловларда Доналд Трамп ғалаба қозонади. Чунки, айнан у АҚШнинг ҳали кўпчлик кўрмолмаётган янги муаммоларини (чақириқларини) тушунаётганини намойиш қилмоқда. У таклиф қилаётган ечимлар қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини баҳолаш қийин. Бироқ, бор муаммоларни тўғри ифодалашнинг ўзи ечим қидириш йўлидаги муҳим қадамдир.