18 September 2016
17:11 - Бугун Россия парламентининг қуйи палатаси – Давлат Думасига сайловлар бўлмоқда

Россия парламенти – Федерал Мажлисдир. Унинг юқори палатаси бўлган Федерал Кенгашнинг сенаторлари умумхалқ сайловларида сайланмайди. Уларнинг асосий қисми маҳаллий ҳокимиятлар тарафидан тайинланади, кичик бир қисми Россия Президенти тарафидан танланади.

Давлат Думаси умумхалқ сайловлар йўли билан ҳар 5 йилда янгидан шакллантирилади. Йилидан қатъий назар сайловлар “умумсайлов куни” деб айтиладиган сентябрь ойининг иккинчи якшанбасида бўлади. Мана бугун навбатдаги сайловлар ўтказилмоқда.

Россиянинг сайлов системаси Ўзбекистон каби диктаторликларга нисбатан анчагина демократик, аммо Ғарб билан солиштирилса, ўта нодемократикдир. Марказий Сайлов Комиссияси феълан Владимир Путиннинг қўғирчоғи бўлгани сабабли, Путин истамаган партиялар ва турли номзодлар сайлов комиссияларида уйдирма сабаблар билан рўйхатга ҳам олинмайди. Қўғирчоқсифат партиялар тарафидан кўрсатилган ёки мустақил деб айтиладиган номзодларнинг ҳаммаси мавжуд режимнинг одамларидир.

Давлат Думасига 450 аъзо сайланади. Уларнинг ярми бир мандатли округлардан, қолган ярми кўп мандантли “федерал сайлов округи” деб аталадиган округлардан сайланади.

Россияда ҳақиқий ва ягона мухолифат ташкилоти РПР-ПАРНАСдир (Республикансая Партия России - Партия Народной Свободы). Бу партиянинг раиси Михаил Касьянов Владимир Путиннинг биринчи президентлик муддатида Бош вазир бўлган. Бу партия асосида тузилган демократик коалиция бугун бўлаётган сайловлардан иштирок этиш учун ўз аъзолари ичидан праймериз йўли билан танланган 281 номзодни Марказий Сайлов Комиссиясида рўйхатга олдирган. Демак, айнан шу 281 номзод бугунги сайловларда қатнашмоқда.

Маҳаллий вақт билан соат 14 гача сайловчиларнинг 24 фоизи овоз бериб бўлгани Марказий Сайлов Комиссияси тарафидан билдирилди. Сиёсатшуносларнинг фикрича, бугунги сайловларда умумий сайловчиларнинг 50 фоиздан бироз кўпроғи иштирок этса керак.

Европадаги ҳамма давлатларни бирлаштрирувчи Европа Кенгашининг Парламент Ассамблеяси Россияда бўлаётган бугунги сайловларга кузатувчилар юборишни ҳам истамади, чунки, бу сайловларни демократик эмас, деб ҳисоблади.

Расмда – Россия Президенти Владимир Путин Москвада овоз бермоқда.