18 September 2016
05:06 - “Ҳаракат” ҳар доимгидек ҳақ чиқди: Сурия масаласи бўйича АҚШ-Россия келишуви 1 ҳафта ҳам ишлай олмади, чунки, Абдураҳим Пўлатнинг таклифлари инобатга олинмади

10-чи сентябрда АҚШ ва Россия ташқи ишлар вазирлари Жон Керри ва Сергей Лавров Женевада навбатдаги учрашувдан кейин ниҳоят Сурия масаласида келишганлари ҳақидаги хабарларни таҳлил қилган “Ҳаракат” Агентлиги ўзининг 11-чи сентябрдаги хабарида шундай деган эди:

“АҚШ ва Россия Сурияда оташкес хусусида келишдилар. Сурия масаласида бу икки мамлакатнинг мақсадлари бутунлай бошқача. Россиянинг мақсади - ўзининг Яқин Шарқдаги ягона иттифиқчиси бўлиб қолган Суриядаги мусулмонларнинг шиаларга яқин алевитлар оқими қўлидаги режимни, яъни Башар Асад режимини сақлаб қолиш. АҚШнинг мақсади – бунинг тескариси - Башар Асад режимини йиқитиш. Бу масалада келишиб бўлмайди, ҳамма нарсани куч ҳал қилади… Курдлар муаммоси ҳам қўшилиб, бу минтақада яқин орада ҳақиқий тинчликка, минг афсуски, эришиб бўлмайди.”

Мана бор-йўғи 1 ҳафта ўтар-ўтмас, келишув барбод бўлди. Кеча АҚШ раҳбарлигидаги коалициянинг ҳарбий ҳаво кучлари, табиий, у ерда асосий куч америкаликларники, Дейр-эз-Зором шаҳри яқинида Сурия армиясининг позицияларини бомбардимон қилиб, тахминан 60 суриялик аскарни ўлдирдилар, бундан фойдаланган ИШИД жангарилари ҳужумга ўтиб, ўша ерларни босиб олдилар. Аммо, коалиция ҳаво ҳужумларини тўхтатгач, Сурия қўшинлари ИШИД қўлига ўтган ерларни қайтариб олдилар.

Бу хусусда Россия ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Мария Захарова шундай дейди: “Сурия армиясига қарши қилинган зарбалардан кейин, биз бутун дунё учун даҳшатли бўлган хулосага келмоқдамиз - Оқ Уй ИШИДНИ ҳимоя қилмоқда”.

Фараз қилайлик, дунёнинг иккита супердавлати бўлган Россия ва АҚШ биргалашиб ва 3 йилдан бери йўқ қилолмаётган ишларини қилиб, ИШИДни йўқ қилсинлар. Аммо, унинг ўрнига бошқа исломий террорист куч ўртага чиқаверади. Чунки, Қуръоннинг ҳозир Ислом дини тарафидан тан олинган хато тафсиридан келиб чиқсак, ИШИД, Толибон ва Ал-Қоида каби ташкилотлардагилар ҳақиқий мусулмонлардир. Демак, Исломда фундаментал ислоҳотлар қилиниб, Қуръоннинг хато тафсири тузатилмагунча, яъни ҳақиқий мусулмонлар ким эканлиги белгиланмагунча, исломий терроризмни куч билан енгиб бўлмайди.

АҚШ ва Россия каби икки супердавлат ислом терроризми устилан ғалаба қозонишни истасалар, улар “Ҳаракат”нинг сайтини ўқишга, бу ерда эълон қилинаётган “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг фикр ва таклифларини қабул қилишга мажбурлар.