27 August 2016
08:14 - Туркиянинг Суриядаги урушга кириши Ғарбни севинтирди, Путиннинг ғазаби ичида, аммо Туркиянинг фойдасига бўлмаган ноаниқликлар кўп
Туркия Суриянинг рухсатисиз унинг ҳудудлари ичидаги урушга киришди ва бу қадами билан Башар Асад режимини тан олишдан воз кечаётган ва асосий мақсади ИШИД билан бирга Башар Асаддан ҳам қутилишни ўйлаётган Ғарб тарафида эканлигини очиқча кўрсатгандек бўлди. Ваҳолангки, сўнги кунларда Эрдўғон ва унинг одамлари Сурия масаласида Россия тарафида эканликларини кўрсатувчи етарлича сигналлар бергандилар.

Туркия ахборот воситалари хабар қилишича, АҚШ вице-президенти Жо Байденннинг Анқарага келиши ва айнан ўша куни Туркия армияси Сурияга бостириб кириб, ҳам курдларга, ҳам ИШИЛчиларга ҳужум қилгани ва ўша минтақадаги стратегик шаҳар Жераблус Башар Асаднинг дунёвий мухолифатчиларига қарашли Сурия Озодлик Армияси тарафидан босиб олинишига йўл очиб бериши Ғарбни қувонтирди. Туркия билан юқори даражадаги алоқаларини феълан узиб бўлган Европа мамлакатларининг расмийлари Анқарага телефон қилишга бошлашибди.

Ражаб Эрдўғон эса, ўзи Путинга телефон қилиб, қўполроқ қилиб айтсак, ўз армиясининг Сурияга кириш бўйича ҳисобот берибди. Унинг мақсади Путиннинг кутилган ғазабини бироз бўлса ҳам тушириш бўлган. Эрон ҳам Туркиянинг бу қадамидан ўта норозилигини билдириб бўлди.

Ҳозир Ражаб Эрдўғон нима қилаётганини ростдан ҳам тушуниш қийин. Аммо, яқин орада ҳамма нарса маълум бўлади. Аммо, бир нарса аниқ, у бу ўйиндан ғалаба билан чиқолмайди. Бунинг устига, мамлакат ичидаги вазият ҳам ҳали барқарорсизлик остонасида турибди. Қама-қамашлар давом этмоқда. Бир қарашда, Туркияда ҳокимият кимнинг қўлида эди, Эрдўғоннингми ёки Фатхулла Гуленнингми, деган савол ҳали ҳам ослиб турибди.

Кеча Женевада АҚШ ва Россия ташқи ишлар вазирлари Жон Керри ва Сергей Лавров, ўртада танаффуслар билан, 12 соатлик музокаралар олиб боришди. Кун тартибидаги асосий масала Суриядаги аҳвол бўлиши керак эди, Туркиянинг бу қадамидан кейин бу аҳвол бутунлай бошқа аспектда муҳокама қилинган бўлса керак.