27 August 2016
07:22 - Мусулмонларга кети ёмон хабар: Франциянинг Ницце шаҳрида мусулмон аёллар буркинида пляжга чиқоладилар, Канадада эса, ҳижоб кийиб полицияда ишлай оладилар
Франциядаги Ницце шаҳар ҳокимияти тарафидан чиқарилган мусулмон аёлларнинг буркинида пляжларга келишини тақиқловчи қарор бу мамлакатдаги маъмурий судларнинг юқори даражалиси бўлган Давлат Кенгаши тарафидан кеча тўхтатиб қўйилди. Тўхтатиб қўйилди, аммо бекор қилинмади. Демак, вақтинча, бу масалада узул-кесил қонунлар қабул қилинмагунча, мусулмон аёллар Ницце пляжларига буркини, яъни инсон баданининг юз, кафт ва оёқнинг тўпиғидан пастидан ташқари ҳамма қисмини ўраб турадиган кийимда келоладилар ва чўмилоладилар.

Франция Инсон Ҳақлари Лигаси Ницце шаҳар ҳокимлигининг буркинини тақиқловчи қарори устидан арз қилиб, шу натижага эришибди. Буркинини тақиқлаган бошқа ҳокимликларнинг қарори ҳали ўз кучида турибди.

Канадада ҳам мусулмон аёлларга кети ёмон хабар бор. Жамоат Хавфсизлиги Вазири Ралф Гудейлга асосланиб тарқатилаётган хабарларда айтилишича, бу мамлакатнинг ҳамма вилоятларида мусулмон аёллар ҳижобга ўралиб полицияда ишлашларига рухсат берилган. Ҳижобнинг махсус дизайни ҳам ишлаб чиқарилибди. Шу пайтгача ҳижобли аёлларга фақат Торонта ва Эдмонтон вилоятларида ишлашга рухсат берилган экан.

Ралф Гудейлга кўра, бундай қарор Канада полицияси замонавий эканлигини, бу ерда ҳамма одамларнинг маданий ва диний эътиқодлари ҳурмат қилишини кўрсатар эмиш.

Хабарларда айтилишича, ҳижобли аёллар ҳозир Буюкбритания, Швеция, Норвегия ва АҚШнинг бир қатор вилоятларида полицияда ишлаш ҳаққига эга эканлар.

Ралф Гудейл кабиларнинг саёз ўйлашлари аслида диний аҳиликка эмас, диний қарама-қаршиликларнинг кучайишига хизмат қилади, дейди мухбиримиз. Гап шундаки, Ислом динида эътиқод фақат аёлларнинг ҳижобига бўлган ҳурматда эмас. Ислом динига кўра, мусулмонлар Шариат қонунлари билан яшашлари керак. Аёллар ҳижобга ўралиши шарт, эркаклар 3 та хотинли бўлишга ҳақлари бор, эркак хотинини талоқ қилолади, аммо хотин эрини талоқ қилолмайди, хоҳласа-хоҳламаса у билан яшашга мажбур. Майда ўғриларнинг қўли кесилади, каттароқ жиноятчилар тошбўрон қилиб ўлдирилади. Ва ҳоказо ва ҳоказолар. Энг муҳими – мусулмонлар яшайдиган давлат исломий бўлиши керак.

Хўш, шундай экан, қайси босқичдан кейин мусулмонларнинг эътиқодига чегаралар қўйишга бошланади? У пайтгача, жамият портлаш нуқтасига келиб қолмайдими? Ҳа, келади ва портлайди. Хабарнинг кети ёмонлиги шунда.