27 August 2016
01:39 - Қаёққа қараманг, масхарабозлик: РИО-2016 Олимпиада ўйинларида медаллар сони бўйича 1-чи ўринни Тожикистон, 2-чи ўриннни АҚШ, 18-чи ўринни Ўзбекистон олибди

Тожикларнинг мавжуд режимдан ростакам мустақил бўлган Asia-Plus Агентлиги АҚШнинг энг таниқли Нью-Йорк Таймс газетасига асосланиб хабар беришича, яқинда Бразилиянинг пойтахти Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI Олипиада ўйинларида медаллар сони бўйича ростдан ҳам Тожикистон 1-чи, АҚШ 2-чи, Косово, Иордания ва Озорбайжон 3-чи, Ўзбекистон 11-чи, Қозоғистон 18-чи ўринни эгаллабди.

Масхарабозликнинг асосида мамлакатларнинг ўрнини белгилашда медаллар сонини қандай санаш принципи ётибди. Олипмиада ўйинларининг қоидаларига кўра, мамлакатларнинг умумий рўйхатдаги ўрни олтин медаллар сони билан белгиланади.

Айнан шу принцип асосида АҚШ, Буюкбритания, Хитой ва Россия биринчи тўрт ўринни, Ўзбекистон 21-чи, Қозоғистон 22-чи ўринни, Тожикистон 54-чи ўринни олган.

Агарда рўйхат умумий медаллар (олтин, кумуш ва бронза) сони асосида тузилса эди, биринчи 4 ўрин яна ўша АҚШ, Буюкбритания, Хитой ва Россия бўларди. Озобайжон 16-чи, Қозоғистон 17-чи, Ўзбекистон 20-чи ўринда бўларди.

Нью-Йорк Таймс газетаси мамлакатлар рўйхатини янги бир бошқа принцип асосида ҳам тузиш мумкинлигини кўрсатибди. Олтин медалига 4 очко, кумуш медалига 2 ва бронза медалига 1 очко берган бу газета Олимпиадада қатнашаётган мамлакатлар тўплаган очколарни терма тақим аъзоларининг сонига бўлиб, киши бошига очкони ҳисоблабди ва бутунлай бошқача манзара чиқарибди.

Тожикистоннинг терма тақимида бор-йўғи 7 спортчи бўлиб, бу тақим 1 та олтин медаль, яъни 4 очко олибди. Демак, киши бошига очко: 4/7 = 0,57. АҚШ терма тақими 112 дона турли медаллар, яъни 296 очко олган, аммо унинг терма тақимида 554 спортчи бор, демак, киши бошига очко: 292/554 = 0,54.

Худди шу шаклда бошқа давлатларнинг ҳам киши бошига очкосини эринмасдан ҳисоблаб чиққан Нью-Йорк Таймс газетаси 1-чи ўринга Тожикистонни, 2-чи ўринга АҚШни, 3-чи ўринга Косово, Иордания ва Озорбайжонни, 11-чи ўринга Ўзбекистонни, 18-чи ўринга Қозоғистонни қўйибди.

Хуллас, кўриб турибмизки, масхарабозлик қиламан деганлар, бунинг учун ҳар доим биронта чиройли принцип тополадилар.