28 July 2016
20:23 - Қизиқ: "Ўзбектуризм" ватандошларимизни Туркияга сафар қилишдан қайтармоқда
Бугун матбуотдаги энг оммабоп хабарлардан бири “Ўзбектуризм” ширкатининг билдириши бўлди. Миллий компаниямиз Туркияга сафар қилишни режалаштираётган ҳамюртларимизга Туркиядаги ижтимоий-сиёсий вазиятни ҳисобга олиб, бу ерга бормай туришни маслаҳат берди. Шунингдек, сайёҳлик агентликларига сафар уюштиришда вазиятни ҳисобга олиш бўйича кўрсатма ҳам берилган. “2016 йил 27 июль ҳолатига кўра, Туркиянинг маълум бир ҳудудларида юқори даpaжадаги кескинлик сақланиб қолмоқда ва у ерларга саёҳат қилиш хавфсиз эмас”, дейилади компания матбуот хизмати хабарида.

Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига ҳам хавфсизлик чораларига амал қилиш бўйича огоҳлантиришлар юборилган эмиш.

Маълумки, 15-16 июль кунлари Туркияда давлат тўнтаришига уриниш ортидан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Лекин, дунёдаги амалиёт шундайки, бу каби огоҳлантиришлар одатда ташқи ишлар вазирлиги тарафидан тарқатилади. Бизда бу вазифа "Ўзбектуризм"га топширилибди-да!