28 July 2016
15:38 - Туркия армиясидан чиқариб ташланган ҳарбийларнинг рўйхати эълон қилинди, ҳукумат истеъфога кетиши керакмасми? Керак. Акс ҳолда нима бўлади? Даҳшат бўлади!
Туркияда эълон қилинган фавқулодда ҳолат доирасида қонун сифатини ташийдиган қарорнома чиқарилди ва кеча эълон қилинди. Бундай қарорномалар ким тарафидан қабул қилиниши Фавқулодда ҳолат ҳақидаги қонунларда кўрсатилган бўлса керак, аммо, ўз-ўзидан маълумки оддий туркларнинг мутлақо кўпчилиги буни билмайди. Шундай экан, кечаги муҳим қарорнома ким тарафидан қабул қилингани айтилиши керак эди, бироқ айтилмаган.

Оммавий Ахборот воситаларида ўша қарорномага асосланиб билдирилишича, Фатхуллачи Террор Ташкилотига (ФТО) кирган ёки у билан алоқаси бор деб ҳисобланаётган 1 минг 684 нафар турли даражадаги ҳарбийлар Туркия Қуролли Кучларидан чиқарилган, улар энди ҳеч қачон турк армиясига қайтиб киролмайдилар. Хабарларда бу ҳарбийларнинг исми-шарифи ва унвонлари кўрсатилган. Уларнинг ҳаммасини бу ерда эълон қилишнинг маъноси йўқ. У ердаги энг муҳим рақамларни келтирмоқчимиз.

Қуролли кучларнинг 3 қисмидан ҳайдалган ҳарбийларнинг сони қуйидагича:

Пиёда қўшинларидан - 87 генерал, 726 офицер, 256 унтер-офицер.

Ҳарбий-денгиз флотидан - 32 адмиран, 59 офицер, 63 унтер-офицер.

Ҳарбий-ҳаво кучларидан - 30 генерал, 314 офицер, 117 унтер-офицер.

Қаранг, майда-чуйда, табиий, қўштирноқ ичида майда-чуйда офицер ва унтер-офицерларни қўйиб туринг, генрал-адмираллардан 149 нафари армиядан ҳайдалибди. Ўтган куни сайтимизда ҳам эълон қилинган рус олими Павел Шлыковнинг мақоласида айтилишича, Туркия армиясида ҳаммаси бўлиб 358 генерал ва адмирал бор. Бундай рақам сир эмаслиги, уни сир тутиб ҳам бўлмаслигини инобатга олиб айтиш мумкинки, Туркия билан махсус шуғулланадиган рус олими бу рақамларни аниқ манбалардан олган ва унга ишониш мумкин.

Бундан чиқди, Туркия армияси генерал-адмиралларининг сал кам ярми (!!!) террористлар билан бирга экан. Улар бир кунда террористларга қўшилиб қолмаганлари ўз-ўзидан маълум. Фатхулла Гулен узоқ йиллардан бери давлатнинг ҳамма тизимларига ўз одамларини сингдириш билан шуғулланаётганини ҳамма биларди, Ражаб Эрдўғон ва унинг командаси ҳам. Қолаверса, Фатхулла Гуленнинг жамоаси ҳам аввал Эрдўғоннинг командаси ичида эди.

Яна маълумки, роппа-роса 17 йил аввал, тўғрироғи, 1999 йилнинг июнь ойида Туркия махсус хизматлари Фатхулла Гулен ўзининг энг яқин бир неча одами билан суҳбат пайтида “Туркияни исломий давлатга айлантириш учун авваламбор армияни қўлга олишимиз керак” деганини лентага ёзиб олиб, бир неча кундан кейин эълон қилган эдилар. Аммо, шу бир неча кун ичида, тахмин қилиш мумкинки, махсус хизматлар ичида ҳам одамлари бўлган Фатхулла Гулен ҳамма нарсадан хабардор бўлиб, даволаниш баҳонасида АҚШга қочиб кетган ва ўшандан бери ўша ерда яшайди.

Ражаб Эрдўғон ва унинг партияси ҳокимиятга келганига 15 йилча бўлди. Демак, шунча йилдан бери на Эрдўғон, на унинг ҳукумати, на мамлакатнинг хавфсизлик хизматлари Фатхулла Гулен давлат ичида давлат қуриш билан шуғулланаётганини билишмасдими?

Агар билиб туриб, бунинг олдини олишга ҳаракат қилмаган бўлсалар, уларнинг ўзлари ҳам террористлардир.

Агар ҳеч нарсадан хабадор бўлмаган бўлсалар, улар давлатни бошқаришни, қолаверса, давлатчилик нималигини билмадиган одамлардир.

Бугун бу воқеалар ўртага чиққандан кейин, шарманда бўлган Ражаб Эрдўғон ва унинг командаси дарҳол истеъфога кетиши керак эмасми? Агар Туркиянинг келажагини ўйласалар, кетишлари керак.

Кетмасалар, Туркия давлати ва давлатчилигини сақлаб қолиш ниятидагилар барибир вақти келиб исён қиладилар, ички уруш бошланади. Исёнчилар мағлубиятга учраса, Туркия исломий давлатга айланади, НАТОдан чиқади ёки чиқарилади, ИШИДнинг байроғини кўтариб, Халифаликни қайтадан тиклаш йўлига ўтади. Аммо, бундай ишни 21 асрда қилиб бўлмайди, натижада, айнан Туркиянинг ўзи секин-аста парчаланиб кетади.

Курдлар Туркиянинг сал кам ярмини ажратиб олиб, Курдистон давлати қурадилар, Шимлий Қибрис, Эгей денгизидаги ороллар ва ҳатто Эгей денгизига чиқувчи ҳозирги Туркия ҳудудларининг маълум қисмини Ғарбниннг ёрдами билан Юнонистон босиб олади, Туркиянинг жанубий-шимолидаги ерларнинг бир қисми Россия ва Эроннинг ёрдами билан, аввалдан бу ерларни ўзиники деб ҳисоблайдиган ва ҳозир Туркия ҳудуларида бўлган Арарат тоғига (турклар Ағри тоғи дейдилар) сиғинадиган, Арманистон қўлига ўтади. Бошқа нарсалар ҳам бўлади.

Турк Дунёси тушунчаси бутунлай ёки узоқ даврга йўқ бўлади.

Даҳшат!

“Ҳаракат” бундай бўлишини истамайди, аммо Туркияни бугунги даҳшатли аҳволдан олиб чиқиш йўлларини кўролмаётган Эрдўғон ва унинг командаси қилаётган ишларга кўз юмолмайди, ҳақиқатдан кўз юмиб, жим туролмайди.

Бу ерда ёзаётган нарсаларимиз башорат ҳам эмас, ҳамма ҳам кўролмайдиган жараёнларнинг ривожланиш йўналишини кўрабилишдир, холос.