26 July 2016
23:19 - Туркия Қирғизистонга фатхулла-гуленчилардан тозаланиш таклифи юборди, “бурнингни бизни ишга тиқма” жавобини олди

Ўрисларнинг ТАСС агентлиги хабар қилишича, Туркия ташқи ишлар вазири Meвлут Човушўғли (расмда) Habertürk Агентлигининг радиосига интервью берар экан, “Фатхулла-гуленчиларнинг Марказий Осиёдаги базаси Қирғизистондир. Гуленнинг тарафдорлари Қирғизистон ҳукуматига ҳам кириб олганлар, давлат тўнтариши қилишлари мумкин” дебди.

Унинг айтишича, қирғизистонлик ҳамкасбига бу ҳақда гуленчиларнинг рўйхати ҳам илова қилинган хат юборибди. Бундай хатга “фатхулла-гуленчилардан тозаланиш маслаҳати” деб қараш табиийдир, дейди мухбиримиз.

Маълум бўлишича, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигидан келган жавобда қуйидаги сўзлар бор: “Биз Туркия расмийларининг хавотирликларни тушунамиз ва тўғри қабул қиламиз. Аммо, шуни эслатишни истардикки, Қирғизистон авваламбор ўзи учун нима яхши, нима ёмонлигини ўзи аниқлашга ва тушуниб етишга қодир бўлган мустақил давлатдир. Бошқа давлатнинг ташқи ишлар вазири нима қилишни кўрсатиши, бунинг устига ультиматум ва шантаж шаклида кўрсатиши, тўғри эмасдир. Қирғизистон тарафи ҳамма нарсани текшириб кўради ва керакли ишларни қилади. Аммо, булар бизнинг ички ишларимиздир.”

Яна табиийки, дейди мухбиримиз, Қирғизстон тарафининг жавоби “бурнингни бизни ишга тиқма” сўзларининг чиройлироқ шаклидир.

Эслатиб ўтиш керакки, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Туркияга борганда туркча гапириб, ўзини Эрдўғоннинг ҳамма жойини ялашга тайёр одамдек қилиб кўрсатишга ҳаракат қиларди. Энди уни нима жин урдики, ўз вазирига шундай қўпол жавоб ёзишга рухсат берибди? Ёки у Россия-Туркия алоқалари тикланишга бошланганидан хабарсиз бўлиб, жанжал пайтида Путинга ёқадиган руҳда хат ёздирдимикан?