22 July 2016
20:36 - Қизиқ: Туркиядаги онамухолифат партияси Истанбул марказида “Отатурк, Жумҳурият ва Демократия митинги” ўтказмоқчи
Туркияда энг кучли мухолифат партиясини “онамухолфат партияси” деб аташади. Ҳозир Туркияда ҳокимиятда исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси экан, онамухолифат партияси бир вақтлар Отатурк раҳбарлигида қурилган Жумҳурият Халқ Партиясидир.

Бугун тарқатилаётган хабарларга кўра, онамухолифат партияси келаётган якшанба куни, яъни 24 июлда Истанбулнинг марказидаги сиёсий майдон рамзига айланган Тақсим майдонида “Отатурк, Жумҳурият ва Демократия митинги” номли митинг ўтказишини эълон қилди. Бу тадбирни “Жумҳурият ва Демократия митинги” деб ҳам аташмоқда.

Жумҳурият Халқ Партияси мавжуд ҳукуматнинг Туркияда уч ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилиш қарорига парламентда қарши чиққан ва бундай ҳолат эълон қилиниши демократик принципларга зид эканлигини айтган эди. Шундан тушуниш мумкинки, “Жумҳурият ва Демократия митингида” фавқулодда ҳолат қораланади ва мавжуд ҳокимият демократия чегараларидан чиқмасликка чақирилади.

Аммо, бу ерда бошқа савол ҳам туғилади. Фавқулодда ҳолат кучга кириб бўлган экан, Туркияда митинг ўтказиб бўладими? Табиий, бу саволга жавоб “фавқулодда ҳолат” ҳақидаги қонунда берилган бўлса керак. Ҳозирча, мавжуд ҳокимиятнинг бундай митинг ўтказиш чақирига муносабати маълум эмас.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Жумҳурият Халқ Партияси бўлаётган воқеаларга муносабат билдириш ва уларни баҳолашда “Ҳаракат” Агентлиги каби позициядадир. Буни қисқача шундай ифодалаш мумкин: Онамухолифат партияси давлат тўнтаришига уринишни қоралайди, мавжуд ҳокимиятни қўллаб-қувватлайди, аммо исёнчиларни жазолаш баҳонасида Туркияни исломлаштириш йўлидаги исломчилар партияси тарафидан аввалданоқ бошланган жараёнлар тезлаштирилишини истамайди, аксинча, бундай ҳаракатлар тўхтатилиб ва Туркия ўз Конституциясига кўра дунёвий/секуляр бўлганидан келиб чиқиб, айнан дунёвийлик принциплари асосида яшаш кераклигини талаб қилади.