21 July 2016
09:29 - Бутун Туркия бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди, бу мамлакатда нималар бўлмоқда ўзи?

Кеча тушдан кейин Туркия давлатининг Миллий Хавфсизлик Комитети Президент Ражаб Эрдўғон раислигида 5 соатлик мажлис ўтказиб, Вазирлар Маҳкамасига 15 июлдан 16 га ўтар кечаси уюштирилган ҳарбий тўнтариш уриниши сабабли бутун мамлакат бўлаб 3 ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилишни тафсия қилди. Унинг кетидан яна Эрдўғон раислигида ўтказилган Вазирлар Маҳкамаси мажлиси бу таклифни қабул қилди ва бутун мамлакат бўйлаб 3 ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу қарор яна Эрдўғон тарафидан телеканаллар орқали халққа етказилди.

У ўз чиқишида бундай қарорнинг қабул қилиниши демократия ва эркинликларга қарши эмаслигини, аксинча, мақсад уларни қўриқлаш эканлигини урғулабди. Куласизми, йиғлайсизми?

Аслида, дейди мухбиримиз, Туркияда 16 июлдан бошлаб фавқулодда ҳолат амалда ишламоқда. Армия ва хавфсизлик хизматларида юзлаб одамлар ўз вазифасидан олингани, уларнинг баъзилари дарҳол ҳибсга олингани, Адлия ва Таълим вазирлигида ўн минглаб хизматчилар ишдан ҳайдалгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Кейин ҳамма университетлар факультетларининг деканларига ўз лавозимларидан кетиш ҳақида маслахат каби буйруқ берилгани, Туркиядаги ҳамма профессорларга мамлакатни тарк этиш тақиқлангани ҳам маълум бўлганди. Бундай нарсани эшитгач, Туркияни бошқараётганларнинг ақли борми, деган савол туғилмайдими?

Мана, давлат тўнтариши уринишидан кейин 6 кун ўтди. 15 ва 16 июлга оид ҳозир маълум бўлаётган воқеалар - “бу мамлакатда нималар бўлмоқда ўзи?” деган савол мутлақо мантиқли эканлигини кўрсатади.

Аввалига ҳарбийларнинг давлат тўнтариши мақсадида қилган ишлар 15 июль куни соат 22 лар атрофида ўртага чиқа бошлагани айтилган эди. Энди маълум бўлишича, ўша куни соат 16 лардан бери бу ҳақда Миллий Истиҳборот Агентлиги (СССРнинг КГБси, америкаликларнинг ЦРУси каби ташкилот) ва Туркия армияси Бош штабининг бошлиғи хабардор бўлганлар, аммо Истанбулнинг биқинида, Мармара денгизи бўйида гўёки дам олаётган Президент Ражаб Эрдўғоонга ҳеч қандай маълумот бермаганлар. Ҳамма нарсадан хабардор бўлган Туркия армияси Бош штабининг бошлиғи Хулиси Ақар эса, исёнчилар соат 22 лар атрофида уни Бош штаб биносида ҳибсга ёки гаровга олмагунларича, гўёки ҳеч нарса қилмаган.

Булардан ҳам қизиғи, Эрдўғоннинг ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчиси ҳам исёнчиларнинг одами бўлиб чиққани, Эрдўғонга исён бошлангани ҳақида биринчи хабар турклар эништа (enişte – хола, амма, опа ёки сингилнинг эри) деб айтадиган қариндошидан келгани.

Туркия газеталари ўша кунги воқеаларнинг тафсилотларини ўзларича ўрганиб ётибдилар. Аммо, биронта журналист “Исёнчиларнинг мақсади нима эди?” деган саволни ҳам қўймайди. Наҳотки бу саводсиз журалистлар давлат тўнтариши қилиб ҳокимиятни қўлга олиш асосий мақсад бўлолмаслигини, ҳокимиятни қўлга олиш – асосий мақсадга эриш йўлидаги муҳим, аммо биттагина қадам эканлигини тушунишмайди?

“Ҳаракат” Туркиядек давлат структураларининг ичида нималар бўлаётганини уларнинг ичига кириб ўрганишга қодир эмас. Аммо, бир нарса аниқ – буюк Отатурк Ислом дунёсида яратган биринчи дунёвий/секуляр давлатда ҳокимиятга 5 маҳал намоз ўқиш ва рўза тутишдан бошқа нарсани билмайдиганлар келгандан кейин, Туркияда давлатчилик феълан ўлиб бўлган ёки ўлиш арaфасида.

Ҳозир бир нарсагина муҳим - уни қутқароладиган янги Отатурк чиқадими?

Туркияни қутқариш! Мана буни мақсад деса бўлади.