17 July 2016
18:25 - Туркияда бўлаётган воқеаларнинг моҳиятини ҳали ҳеч ким тушунмайдиганга ўхшайди, Президент Эрдўғон ҳам

15 июлдан 16-чига ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтариши қилишга уруниш бўлганини “Ҳаракат” ҳам Туркиядаги оммавий ахборот воситаларига асооланиб соатма-соат ёритиб борди. Ҳақиқатда ҳам, Туркия Қуролли Кучлари Бош штабини ва унинг раҳбарини қўлга олган бир гуруҳ ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олганлари ҳақида баёнот эълон қилдилар. Аммо, шундай баёнот тарқатилганини фақатгина “Жумҳурият” газетаси эълон қилди. Исёнчилар Туркия парламенти биноси ва Президент саройи атрофига бир неча бомба ташладилар, улардан биронта одам ҳалок бўлгани айтилмади. Исёнчилар давлатнинг расмий TRT телеканалини, Истанбулдаги Отатурк аэропортини ва яна бир неча муҳим бўлмаган биноларни босиб олдилар.

Аммо, улар на парламент (Туркия Буюк Миллат Мажлиси) биносини, на Президент саройини, на ўша соатларда Истанбулда бўлган Президент Ражаб Эддўғонни, на энг камида Истанбул ва Анқара ҳокимликлари биноларини қўлга олмадилар, қўлга олишга ҳам ҳаракат қилмадилар. Уларнинг шунга ҳам етарли кучи бўлмаган бўлса, уларни давлат тўнтариши қилишга уринувчилар деб бўладими? Улар, бироз кинояли қилиб айтсак, бор-йўғи бир гуруҳ ҳарбий хулиганлар эмасми?

Исёнчлар мақсадлари нима эканлигини ҳам очқламадилар. Мавжуд ҳокимият ва Президент Эрдўғоннинг ўзи дарҳол исён Фатхулла Гуленчи Террористик Ташкилот (ФТО) тарафидан уюштирилганини айтди. “Ҳаракат” ҳам бу иддаони қабул қилди. Аммо, ўша соатларда ҳам, бундан ҳам муҳими, шу дақиқаларгача ҳам, бундай иддаони исботлайдиган биронта факт ёки аргумент келтирилмади. Нимага?

Фатхулла Гулен қайсидир АҚШ газетасига интервью бериб, исёнга алоқаси йўқлигини, исённи қоралашини айтгани ҳақида Туркия оммавий ахборот воситалари бир жумлалик хабар бердилар. “Ҳаракат” мухбирлари ўша гезетанинг сайтига кириб, Фатхулла Гуленнинг интервьюси билан танишмоқчи бўлдилар. Аммо, у интервьюни ўша газетанинг Интернетдаги саҳифасига пул тўлаб обуна бўлганларгина ўқий олар экан. Бизнинг бунга пулимиз бўлмагани учун, у интервьюни ўқий олмадик.

Аммо, Туркиядек давлатда пул тўлаб шундай муҳим интервьюни ўқишга кучи етадиган оммавий ахборот воситалари йўқми? Тўғри, бугун бу интервьюни ҳар ким ўқий олади. Аммо, кеча Фатхулла Гуленненг оғзидан чиққан ҳар бир сўз муҳим эди. Агарда исённи фатхулла-гуленчилар қилган бўлса ва уларни Фатхулла Гулен қоралаган бўлса, бу нарса Фатхулла Гуленнинг ўлими бўлмайдими?

Исён бўйича аввал тахминан 1,3 минг одам қўлга олингани расмийлар тарафидан кечаёқ айтилганди, Адлия вазири Бакир Бўздоғ эса, 6 мингга яқин одам ушлангани, уларнинг сони 6 мингдан ҳам ошиш муқаррар эканлигини шу соатларда билдирди. Шунча одам, уларнинг ичида бир қатор генерал ва адмираллар, ҳатто шу исёнда асосий роль ўйнаёгани айтилаётган собий Ҳаво Кучлари Қўмондони Акин Ўзтурк ҳас қўлга олинибди (Миллиёт газетаидан олинган расмни кўринг).

Шунча олдам қўлга олинибди-да ҳалигача исёнчиларнинг мақсади нима эканлиги, бу исён орқасида қандай кучлар турганини кўрсатувчи биронта факт ўртага чиқмабдими?

Булардан ҳам қизиғи, Президент Ражаб Эрдўғон ҳали ҳам Истанбулда, Анқарадаги жаҳонда мисли кўрилмаган давражада муҳташам қилиб, 1 йилча аввал қурилган саройига қайтмабди. Бугун иш куни бўлмагани учунми? Ахир давлат тўнтаришига уринишдек исён бўлибди-да, Эрдўғон дам олишдами? Унинг ўз сароийига қайтиши - рамзийлик нуқтаи назардан ҳам шарт эди.

Эрдўғон кеча Истанбулнинг марказидан узоқдаги қандайдир маҳалладаги митингда (бу митингдан расм ҳам эълон қилинмади) чиқиш қилиб, АҚШдан Фатхулла Гуленни тутиб беришни талаб қилди. У бугун Истанбулдаги Фотиҳ жомесида исёнчилар тарафидан ўлдирилган 5 кишининг жаноза маросимида иштирок этибди. У исён пайтида камида 169 киши ҳалок бўлганини шу ерда айтган. Жанозага келганларнинг “Ўлим жазоси истаймиз!” деб бақиришларига жавобан Ражаб Эрдўғон шундай деди: “Бу сизнинг ҳаққингиздир. Демократияларда халқнинг талаби эътиборсиз қолдирилмайди. Бу талаблар керакли доираларда кўриб чиқилади ва керакли қарорлар олинади”.

Қолаверса, яна бир МУҲИМ ФАКТни тилга олишга маҳкуммиз. Эрдўғоннинг чақириги билан минглаб одамлар ярим кеча бўлишига қарамасдан (16 июль соат кечаси 2-3 лар атрофида) асосан Анқара ва Истанбулда катта майдонларга чиқа бошладилар. Буни исёнчилар кўрмадиларми? Кўрдилар, интернетда ҳам тарқаттилган лавҳаларга кўра, одамлар исёнчиларинг танклари устига чиқиб, ичидаги аскарларни танкдан чиқаришга ҳам ҳаракат қилдилар. Агар бунда ҳаракатлар бошланиши биланоқ, исёнчилар автоматлар билан эмас, пулемётлар билан ўқ очиб, бир неча ўн ёки юз кишини ўлдирсалар эди, биронта одам қайтиб уйидан чиқмас эди. “Ҳаракат” бундай бўлмаганидан ва кўп одам ўлдирилмаганидан хурсанд, аммо исён бошлаганлар бу каби қонхўрликлардан воз кечмаслари тарихдан маълум-ку!! Ёки ФТОчи исёнчилар шунчалик инсонпарварларми?

“Ҳаракат” фатхулла-гуленчиларинг ашаддий рақиби эканлигини ҳамма билади, аммо исённи ростдан ҳам фатхулла-гуленчилар қилган бўлсалар, уларнинг ваҳшийларга айланиб кетмаганлари диққатга сазовор эмасми? Биз ҳар қандай исёнга қаршимиз, аммо ҳар қандай исёнда одамлар ҳалок бўлишини тахмин қилоламиз, айни замонда, кечаги исён кенг кўламли ваҳшийликка айланиб кетмаганини эътироф қилишга мажбурмиз.

Исённи Эрдўғоннинг Туркияни исломлаштириш йўлида қилаётган ишларидан, Конституцияни оёқ ости қилиб, давлатнинг якка ҳокимига айланиб олганидан норози бўлган ҳарбийлар уюштирмадими, деган савол туғилиши ҳам табиийдир. Аммо, бундай саволни ҳам биздан бошқа ҳеч ким қўймаётганига нима дейсиз?

Яна бир нарса. Ғарб давлатлари раҳбарлари Истанбулдаги исённи ва халқ сайлаган давлат раҳбарларига қарши исённи қораладилар. Аммо, кечагина Туркияга қарши уруш очишга ҳам тайёр бўлган Россия Президент Владимир Путин бугун шахсан Эрдўғонга терефон қилиб, унга ҳамдардлик билдиргани ҳам диққатга сазовор.

Туркиядаги жараёнларнинг давомини кузатиб боришдан бошқа йўлимиз йўқ. Бу мамлакатда бўлаётган воқеалар Турк Дунёси тушунчаси нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳимдир. Туркияда ҳокимиятда бўлган исломчилар бу давлатни исломий давлатга айланира олсалар, буни Эрдўғон қиладими, Гулен қиладими, фарқи йўқ, маъум бир даврда Турк Дунёси тушунчасини ҳам унутишга тўғри келади.