15 July 2016
04:46 - Барак Обаманинг ота ватани Кенияда АҚШдагидан ҳам баттар даҳшат: Абдуҳаким Маслаҳ исмли полициячи 7 нафар ҳамкасбини отиб ўлдирди

Туркларнинг “Миллиёт” газетаси Кения Хавфсизлик Хизмати тарқатган хабарларга асосланиб билдиришича, Капенгуа шаҳарчасидаги полиция бўлимида ишлайдиган Абдуҳаким Маслаҳ исмли полиция ходими кутилмаганда ақл-хушини йўқотиб, шекилли, ўзи билан ишлайдиган 7 полициячини отиб ўлдирибди. Бир полициячи қутилиб қолибди, Абдуҳаким Маслаҳ эса, хавфсизлик хизмати ходимлари тарафидан отиб ўлдирилибди.

Бир неча кун аввал АҚШнинг Техас штатидаги Даллас шаҳрида бир қора танли собиқ армия хизматчиси 5 нафар оқ танли полиция ходимини отиб ўлдириб, 7 нафарини ярадор қилганда, АҚШ Президенти Барак Обама бу воқеани қора ва оқ танлилар ўртасида ҳалигача бор бўлган низолар билан тушунтиришга ҳаракат қилгани “Ҳаракат” мухбирлари тарафидан қораланган эди.

Қизиқ, Барак Обама ўзининг отасини юртида қора танли полициячи ўзи каби қора танли бўлган 7 нафар ҳамкасбини отиб ташлаганини нима билан тушунтирар экан?

Бизга кўра, дейди мухбиримиз, бутун мусулмон дунёси эс-хушини йўқотгандек кўринмоқда. Бу жараёнларни тўхтатишнинг ягона йўли – Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши кераклигида. Аммо, буни мусулмонлар ҳали тушуниб етганлари йўқ. Демак, қон тўкилиши давом этаверади.