14 July 2016
20:38 - БМТ Шаҳрисабзни хавф остидаги шаҳарлар рўйхатига киритди
БМТ қошидаги Жаҳон Мероси Қўмитасининг Истанбулда ўтаётган 40-сессиясида Шаҳрисабз шаҳрини йўқолиш таҳдиди остида қолган тарихий шаҳарлар рўйхатига киритди. Шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш ва реконструкция ишлари ЮНЕСКО билан келишилмаган ҳолда амалга оширилган. Қўмитанинг кечаги мажлисида 2000 йиллик тарихга эга Шаҳрисабзнинг темурийлар даврида қурилган Эски шаҳар қисми вайрон қилинаётгани айтилди.

“Шаҳрисабз марказида замонавий бино ва меҳмонхоналар қуриш шаҳарнинг қадимий қиëфасини бутунлай ўзгартириб юборади”¸ дейилади Қўмитанинг расмий баëнотида. Аммо ўзбек расмийлари буни Қўмитанинг якуний қарори эмаслигини, ЮНЕСКОнинг махсус комиссияси келиб, ўз тавсияларини бергач, якуний қарорга келинишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Шаҳрисабз 2000 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон Мероси объектлари рўйхатига киритилган.