12 July 2016
20:15 - Эринмаган турк хабарчилари: Эмина Эрдўғон Варшавада 127 минг лиралик нарса сотиб олибди. Ҳа, нима бўпти?

Туркияда сўлчи мухолифатга яқин бўлган “Жумҳурият” газетаси Туркия Президенти Ражаб Эрдўғоннинг хотини Эмина Эрдўғон Варшавага НАТО саммитига борган эри билан бирга бўлгани ва 10 тача хавфсизлик хизматчиси қуршовида дўконларда юриб, 127 минг лиралик нарсалар сотиб олганини хабар қилибди.

Бу газета мухбирларининг тушунмаган жойи шундаки, бундай муҳим йиғилишларга турмуш ўртоғи билан боришнинг ўзи мантиқсиз нарса, аммо йиғилишда қатнашолмайдиган Эмина хоним бошқа нима қилсин? Албатта дўконларни айланади ва оддий бир аёл сифатида кўзига ёққан нарсани сотиб олаверади. Ҳозир 2 турк лираси тахминан бир долларга тенг эканлигини ҳисобга олсак, бу аёл бор-йўғи 63,5 минг долларлик майда-чуйдалар сотиб олибди.

Аммо, булардан ҳам муҳим бўлгани, “Жумҳурият” журналистлари буни ҳам тушунишмайдиганга ўхшайдилар, Эмина хоним варшаваликларга ҳижобини намойиш қилгани-ку. Қолаверса, Туркия ичида ҳам, ташқарисида ҳам, Ражаб Эрдўғон ҳамма сафарларига ўзи билан турмуш ўртоғони олиб юришдан мақсади - Эмина хонимнинг ҳижобини намойиш қилишдир. Кўринг, демоқчи бўлади у, Отатурк хижобни тақиқлаган эди, мен ҳижобни расмийлаштирдим. Ҳали бундан ҳам кўп нарсаларни расмийлаштираман, Туркияни исломий давлат қиламан. Юртимизда ҳар куни бир неча турк аскари курд террористлари тарафидан ўлдиралар экан, сўлчи журналистлар менинг хотинимнинг ҳатто Варшавадаги дўкон кезиши билан овора бўлишларини пасткашлик деб ҳисоблайман.

Тўғри, дейди мухбиримиз, журналистлар президентнинг хотинини дўконларда ҳам тинч қўйишмаётгани пасткашлик бўлиши мумкин, аммо ҳар куни бир неча аскари ўлаётган давлат президентининг хотини Варшавада ҳам дўкон кезиб, олийжаноблик қилмоқдами? Ёки, унинг 65 минг долларлик (!!) сотиб олган нарсалари ўша ўлган аскарларнинг оилалари учунмикан?