12 July 2016
19:24 - Оқтепада Сурияга бориб террористларга қўшилиш ниятидаги 12 киши турли муддатларга қамалди
5 июнь куни Қозоғистоннинг Оқтепа шаҳрида исломчи экстремистлар деб тахмин қилаётганлар гуруҳи иккита қурол сотиш дўкони ва қандайдир ҳарбий объектга ҳужум қилиши натижасида 13 террорист ўлдирилгани, 14 таси ярадор бўлгани ҳақидаги хабарларда яна 20 киши охирги дақиқаларда террористик ҳужумларда иштирок этишдан воз кечгани, уларнинг ҳаммаси сўроқ қилинаётгани ҳам айтилганди.

Казинформ агентлигининг бугунги хабарига айтилишича, Оқтепа шахридаги судда Сурияга бориб, ИШИДга қўшилиш учун тайёрланаётган 12 оқтепаликка 6-8 йиллик қамоқ жазолари берилибди. Булар 5 июндаги терактлар муносабати билан юқорида тилга олинган 20 кишилардан бўлиши мумкин, аммо хабарда бу ҳақда ҳеч нарса айтилмайди. Бу 12 киши аввал айтилган 20 кишилик гуруҳга алоқаси бўлмаса, Оқтепада потенциал исломчи террористларнинг сони катта эканлигини тан олишга тўғри келади.

Хабарда бу ишнинг қуйидаги тафсилотларигина берилган. Бу 12 киши террор гуруҳларига қўшилиш ниятлари борлиги, террористик ва экстремистик фаолиятларни молиявий ёки бошқа йўллар билан қўллаб-қувватлагани туфайли озодликдан маҳрум этилган. Улар Интернет орқали террористларга яқин одамлар билан алоқада бўлишган, сохта Ўзбекистон ва Қозоғистон паспортлари тайёрлаш учун иш бошлашган экан. Уларнинг ёшлари 20 ва 67 ўртасида, ҳаммалари ишсиз одамлар, оилалари бор, уларнинг 3 нафари аввал ҳам судланган. Бу гуруҳга тегишли банкдаги 1 млн тенге ва қўлларидаги сал кам 6 минг доллар олиб қўйилган.

Суд қачон бундай қарор чиқаргани айтилмайди. Расмдан билиб бўлмайди, уларнинг ичида ўзбекистонликлар ҳам борми? Ўзбекистон паспорти тилга олингани сабабли, бундай тахмин пайдо бўлиши ғоят табиийдир.