11 July 2016
17:29 - Самарқандда уч нафар порахўр солиқчи ҳибсга олинди, ҳаммаси олинса ҳам порахўрлик битмайди, аввал диктатурани битириш керак
Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизматининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган рейд давомида Самарқанд вилояти Давлат солиқ инспекциясининг уч нафар ходими порахўрлик айби билан ҳибсга олинди. Маълум бўлишича, инспекциянинг солиқларни текшириш бўлими бошлиғи К. Ворисов бошчилигидаги жиноий гуруҳ ”Payariq Petrol” ширкати раҳбаридан солиқ қонунчилигини бузганини яшириш учун 20 минг доллар миқдорида пора олган. ҳозирда МХХнинг Самарқанд вилояти бошқармаси тергов изоляторида сақланаётган К. Ворисов ҳамда унинг шериклари А.Тўраев ва К.Давлатовни узоқ йиллик қамоқ кутмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ширкатни текшириш натижаси бўйича солиқчилар икки хил далолатнома тайёрлашган. Мазкур ҳужжатларнинг бирида ширкатнинг бир триллион 400 миллиард сўм, иккинчисида эса бор-йўғи 125 миллион сўм солиқни яширгани қайд этилган. Солиқчилар, агар ширкат раҳбари 20 минг доллар пора берса, биринчи ҳужжатни йўқ қилиб, иккинчи далолатномани расмийлаштиришга тайёр эканликларини айтишибди. Солиқчилар вилоятдаги 50 дан ортиқ тадбиркорлардан пора олганлари ҳам ўртага чиқарилибди.

Миллий Хавфсизлик Хизматидагилар навбатдаги порачилар гуруҳини қўлга тушириб, Ўзбекистонда порахўрликни битириш йўлида иш қилдик, деб ўйлаётган бўлсалар, янглишадилар, дейди мухбиримиз. Демократия ва унинг асосий сифатларидан бири бўлган ошкоралик йўқ экан, порахўрлик ва коррупцияни камайтириб бўлмайди. МХХда мамлакат келажаги билан қизиқадиганлар бўлса, биринчи навбатда, Ислом Карим раҳбарлигидаги тожиклар диктатурасини алмаштиришни ўйлашлари керак.