08 July 2016
20:09 - Барак Обама АҚШ полицияси қора танлиларни икки баравар кўп ўлдираётганини айтди, қора танлилар Далласда қосос олишга тушди

Аввалги хабарларимиздан ҳам маълумки, АҚШда оқ танли полициячи қора танли одамни қандайдир сабаб билан отиб ўлдирган ҳолларда, қора танлиларнинг норозилик чиқишлари бўлади, бундай воқеа катта жанжалларга сабаб бўлади. Шу кунларда бир эмас, олдинма кетин иккита шундай воқеа юз берди.

5-чи июлда Луизиана штатидаги шаҳарчалардан бирида маҳаллий полицияга кўчада қуролли одам юргани ҳақида хабар келди. У ерга дарҳол етиб борган полициячилар 37 ёшли қора танли Алтон Стерлингни ушладилар ва шу орада нимлардир бўлиб, уни отиб ташладилар. 6 июлда эса, Миннесота штатида бир автомобилни нима сабабдандир тўхтатган полициячи, орада қандайдир жанжал чиққани сабабли, шекилли, қора танли ҳайдовчи, 32 ёшли Филандо Кастилни ўқ отиб ярадор қилди, аммо у касалхонада оламдан ўтди. Иккала ҳолда ҳам полиция ходимини ўқ отишга мажбур қилган бирон жиддий сабаб бўлиб-бўлмаганлиги ҳали номаълум.

7 июлда НАТО саммитида қатнашиш учун Варшавага келган АҚШ Президенти Барака Обама Луизиана ва Миннесота штатларидаги воқеалар бўйича комментарий бермоқчи эмаслигини, текширувлар натижаларини кутиш кераклигини гапириш билан бир қаторда, АҚШда полиция қора танлиларни икки баравар кўп ўлдириётгани, фуқаролар ўзларини тенг ҳис этолмаётганлари, бу ҳамма америкаликларнинг муаммоси эканлигини айтишдан ўзини тўхтатолмади.

Шу куни кечқурун Техас штатининг Даллас шаҳрида ўша икки қонли воқеа бўйича, асосан қора танлилардан иборат бўлганларнинг норозилик митинги бошланди. Тартибни сақлаш учун полициячилар ҳам бу ерга келдилар. Кутилмаганда, митинг майдонидаги бинолардан ўқ отиш бошланди.

Аввалига турли рақамлар айтилди, аммо охир-оқибат снайпер милтиғидан отилган ўқ билан 5 полициячи ўлдирилгани, 7 нафар полициячи ярадор бўлган маълум бўлди. Уларнинг ҳаммаси оқ танлилар. Аввалига бир нечта снайпер ўқ отаётгани тахмин қилинди, кейинчалик маълум бўлдики, бир одам қотиллик қилаётган экан. У қотил - АҚШ армиясининг резервида бўлган қора танли Мика Жонсон исмли киши бўлиб чиқди. У таслим бўлиш чақириқларини рад этгач, уни робот бомба билан портлатиб йўқ қилдилар.

Айтиш керакки, дейди мухбиримиз, бундай оғир шароитда АҚШ Президенти Обаманинг полиция қора танлиларни икки баравар кўп ўлдираётгани ҳақидаги гаплари жойига кўра хато бўлган. Агар Обамага шундай факт аввалдан маълум бўлса, у буни аввалроқ гапириши ва керакли текширувлар ўтказтириши керак эди-ку. Агар текширувлар натижасида қора танлилар ичида жиноятчилар кўпроқ эканлиги аниқланса, бу йўналишда керакли тадбирлар олиниши керак эди-ку

Бу воқеа ҳам кўрсатмоқдаки, ҳамма нарсани гапиришнинг ўз вақти-соати, ўз жойи бор. Ҳозир эса, АҚШ Президентининг Варшавадан туриб айтган гаплари провокациядек бўлиб кўринмоқда. Қотил Жонсонни унинг сўзлари рағбатлантирмадими, деган савол ўртага чиқиши ғоят табиийдир.

Жойи келгани учун айтиш керакки, ўйламасдан валдирайверишда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримга тенг келадиган одам йўқ. У бир неча йил аввал ўз оиласини боқиш учун Россияда қуллардек ишлашга мажбур бўлаётган ўзбек мардикорларини “дангаслар” деб айтишгача етиб борганини ҳозирги авлод ўзбеклари ҳам билишади. Аммо, бундан 24 йил аввал шу кунларда унинг агентлари “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатни ўлдириш ҳаракатига тушиб, Тошкент марказида, шаҳар прокуратураси биноси олдида унинг бошини ёришганда, айнан Ислом Карим мамлакат парламенти минбаридан туриб ва ҳеч уялмасдан, “керак бўлса яна юзта одамнинг бошини ёрамиз” деганини ўзбекнинг қорамоллар подасига айланган ёшлари ҳали билишмаса керак.