03 July 2016
16:39 - Ҳамма ёқда ислом терроризми, Даккадан кейин Боғдодда 70 одам ҳалок бўлди, одамзот Абдураҳим Пўлатнинг таклифларига қачон қулоқ солади?

Бангладешнинг пойтахти Даккада маъсулиятини елкасига ИШИД олган терактда 6 террористдан ташқари, асосан чет элликлардан иборат 20 киши ҳолок бўлган эди. Ҳалок бўлганларнинг, тўғрироғи, ваҳшийларча пичоқ билан чавоқланиб ўлдирилганларнинг 9 нафари япониялик, 6 нафари италиялик бўлиб чиқди. Ўлдирилганларнинг яна бири АҚШ фуқароси эканлиги айтилмоқда. Хабарлар атайлаб мавҳумлаштирилганидан тушуниш мумкинки, у АҚШ фуқароси бўлса ҳам, келиб чиқиши бангладешлик бўлганга ўхшайди. Қолган 4 киши ҳам бангладешликлар.

Бу мамлакатнинг тарихидаги биринчи аёл Бош вазир Шейх Хасина Вазед мамлакат бўйича икки кунлик мотам эълон қилди.

Маълумки, Бангладеш ҳақиқий дунёвий давлат. Яқинда бу ерда Жамоат-и Исломий Партиясининг лидерлари ва 13 фаоли суд ҳукм билан осиб ўлдирилгани ва минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, ўлим ҳукми ижро этилганини олқишлаганлари “Ҳаракат” тарафидан ҳам хабар қилинган эди. Шундай экан, оддий мантиққа кўра, маҳаллий ислом террористлари мавжуд ҳукуматга қарши бир нарсалар қилишлари керак эди. Аммо, улар чет элликларни ўлдиришга киришганларини, бунинг устига ИШИД бу ўлимлар учун маъсулиятни бўйнига олганини, мутлақо тушуниб бўлмайди.

Кеча эса, Ироқнинг пойтахти Боғдодда террористлар бомбалар жойлаштирилган иккита автомобилни портлатдилар. Охирги хабарларга кўра, 80 киши ҳалок бўлди. Маъсулиятни ўз бўйнига яна ИШИД олаганидан ва уларнинг аввалги ишларидан келиб чиқиб, тушунса бўладики, автомобиллар шиалар яшайдиган жойларда порлатилган, демак, айнан шиалар ҳалок бўлган.

Бу терактларга маъсулиятни, АҚШнинг Орландо шаҳрида 50 кишининг ўлими билан битган терактда ҳам бўлгани каби, ИШИДнинг ўзи елкасига олди ва буни ўзи очиқлади. Аммо, энг катта шов-шувларга сабаб бўлган Истанбулнинг Отатурк аэропортидаги терактларда ИШИДнинг қўли борлигини Туркия раҳбарларидан ташқари Ғарб давлатлари гапирсалар ҳам, ИШИДнинг ўзи жим. Нимага?

Отатаурк замонида тузилиб, узоқ йиллар ҳокимиятда, ҳозир эса мухолифатда бўлган Жумҳурият Халқ Партиясининг лидери Камол Қиличдорўғли кеча Анқарадаги ”плюралистик (турли фикрлилик – “Ҳаракат”) демократия” масалаларига бағишланган конференцияда нутқ сўзлаб, ҳозир ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тикланиш Партияси (АТП) билан ИШИД ғоявий қариндош эканлигини гапирди. Тўппа-тўғри, чунки, уларнинг мақсади айни – исломий давлат яратиш, жамият шариат қонунлари билан яшашига эришиш ва ҳоказолар. Бу ҳақиқатни “Ҳаракат” анча вақтдан бери гапириб келмоқда. АТП бу мақсадларга етишиш учун ҳозирча қонли йўлга ўтмагани – вақтинчаликдир.

Шуларни ИШИД кўрмаяптими? ИШИД ўзига ўхшаган АТП ҳокимияти остида бўлган Туркияга қарши терактлар уюштириши мантиқсизлика ўхшамайдими?

Шундай экан, “Ҳаракат”ни бу ҳақдаги фикри ўзгариши учун ҳеч қандай асос йўқ. Фикр эса, шундай - террористик ҳужумларни кимлар уюштираётгани ҳам муҳим, аммо бундан ҳам муҳими, уларни ким рағбатлантираётганида. Рағбатлантираётган эса, Ислом динининг Қуръонни хато тафсир қилишдан келиб чиққан ва ҳозир расман қабул қилинган хато тушунчалари ҳамда айнан уларни тарғибот қилиш билан шуғулланаётган фатхулла-гуленчилар ва уларга ўхшаган гуруҳлардир.

Бу аҳводан чиқишнинг ягона йўли – “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат тарихда биринчи марта очиқча гапиришга бошлаганидек, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини расман қабул қилишига эришишдир. Бундан ташқари, Қуръонга кўра, Ислом динининг ягона фарзи имон бўлиб, 5 маҳал номоз, рўза, ҳаж ва закот – қилинса савоб, қилинмаса гуноҳ бўлмаган амалиётлар эканлиги ҳам тан олиниши керак.

Булар қабул қилинмаса, ислом терроризми битмайди, Ислом дунёси қашшоқ ва қолоқликдан чиқолмайди.

Абдураҳим Пўлат яна бир масалада ҳақ. Ислом дунёси бундай ислоҳотлар ўтказолиш даражасидан анча пастда қолиб кетган. Демак, инсониятнинг прогрессив қисми мусулмонларга бу масалада ёрдам қўлини чўзиши ва Ислом дунёси бу аянчли аҳволдан тезроқ чиқишига ҳисса қўшиши керак. Абдураҳим Пўлат АҚШнинг отаси мусулмон бўлган Президенти Барак Обамага мактуб йўллаб, айнан шу нарсаларни урғулаган эди.

АҚШ давлатининг баъзи ҳаракатларидан тушуниш мумкинки, унинг раҳбарлари тарафидан Абдураҳим Пўлатнинг фикрлари инобатга олинган.Унинг бир неча йил аввал АҚШ Давлат Департаментига ёзган хатидан кейин Куба билан алоқаларни тиклашга ўтган АҚШ раҳбарлари таклиф муаллифига миннатдорчилик билдирганлари йўқ. Ислом дини масласида ҳам шундай бўлса керак. Муаллифнинг ўзи Интернетдаги бир қатор чиқишларида бундай миннатдорчиликни кутаётгани ҳам йўқлигини, унга зор ҳам эмаслигини урғулаганди.