02 July 2016
01:35 - Тожикистон Ўзбекистоннинг ҳамма эътирозларига қарамасдан Рўғун ГЭСини қуришга киришди
Аслида, Ўзбекистоннинг эътирози Рўғун ГЭСи эмас, дейди мухбиримиз, Рўғун плотинасидир. ГЭС тожикларнинг ички иши, аммо ГЭС қуриш учун плотина қурилади, плотина орқасида сув омбори яратилади. Табиий, омбор чексиз бўлмагани сабабли, плотинадан пастрoқда яшайдиганлар учун сув беришни ҳеч ким мутлақо тўхтатиб қўйолмайди. Аммо, юқоридагилар пастдагиларга сув керак бўлган пайтда уларга сув бермасдан, катта муаммолар чиқариш имкониятига эга бўладилар.

Ўзбеклистон бундай бўлишини истамайди. Айнан шу сабабдан ўзбеклар Рўғун ГЭСи ва Рўғун плотинаси қурилишига қаршилар. Яъни, муаммо – бутунлай сиёсийдир.

“Ҳаракат” Агентлиги бу масала бўйича бир қатор материаллар эълон қилган. Истаганлар сайтимизга кириб, ўша материалларни “Рўғун” ёки “Рогун” сўзлари орқали қидириш қилиб, кўришлари ммкин. Ҳозир уларни анализ қилиш ниятимиз ҳам йўқ.

Ҳамма гап шундаки, Тожикистон режими, Ўзбекистоннинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан, Рўғун ГЭСи қурилиши бўйича ниҳоий қарорлар олди. ASIA-Plus агентлигининг хабарига кўра, кеча Тожикистонт Президенти Имомали Раҳмон бу ГЭС қурилишини бўйнига олган италиялик Salini Impregilo S.p.A. кампанияси бошлиғи Пиетро Салинини қабул қилди. Демак, ГЭСни қуриш феълан бошланди.

Эслатиш керакки, бундай ГЭСлар хавфли иншоатлар эканлигини гапириш - саводсизликдан ташқари аҳмоқлик ҳам бўларди. Чунки, одамзот яратаётган ҳамма сунъий нарсаларнинг хавфли томони бор. Вақти-вақти билан қулаб тушадиган учоқлардан тортиб, доимий ишлатсак, кўзимизга зарар қиладиган компютерларнинг экранларигача. Ҳеч ким шу хавф ва зарарлар туфайли на учоқ на компютерлардан воз кечмоқчи эмас-ку.

Бу ГЭС ва плотинанинг ўзбеклар учун қабул қилиб бўлмайдиган жойи – юқорида айтилганидек, бизга келадиган сувнинг назорати ва бошқаруви тожикларнинг қўлида бўлиб қолишидир.

Аммо, начора, бугун бу қурилишни тўхтатишга имконимиз йўқми, демак, вақти келганда, куч ишлатиш йўли билан бўлса ҳам, тожиклар сув омборидан сувни биз истаган пайтда беришларини талаб қилиш билан шуғулланишимиз керак бўлади. Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иккала мамлакатнинг тожик президентлари душманлигидан келиб чиқаётган муаммолар йўқ қилинса, келажакда Рўғун ГЭСи ва плотинасининг муаммоси ҳам йўқ бўлади.