30 June 2016
18:24 - Ўзбек фармацевтикасида инқилобми ёки чўпчак: саратоннинг давоси топилди
Қатор маҳаллий нашрларнинг ёзишича, мамлакатда 2017 йилдан бошлаб, саратоннинг ҳар қандай турини даволайдиган янги дори ишлаб чиқарилади. “Rigard Farmsintez” номли Ўзбекистон-Латвия фармацевтик компания бош директори Рустам Нуриддинов ана шундай даъво билан чиқди.

“Бизнинг янги дори ишлаб чиқариш методимиз дунёда йўқ. У фаол моддаларни саратон тўқимасига етказиб беришни 3-5 фоиздан 95 фоизгача ошириш имконини беради. Бу эса муаммо ҳал бўлди деганидир. Бемор дорини капсула шаклида истеъмол қилади. Касаллик худди тумов каби даволанади”, деди фармацевт. Унинг иддаосича, бу дори қабул қилинган тақдирда кимёвий терапияга эҳтиёж қолмайди.

Мазкур дори-дармонларни яратиш устида канадалик, латвиялик ва ўзбекистонлик олимлар бир неча йил меҳнат қилишибди. Химия фанлари доктори Рустам Нуриддиновнинг ўзи эса узоқ йиллар Латвиядаги Органик Синтез Институтида фаолият олиб борган.

Шуни таъкидлаш керакки, Рустам Нуриддинов спорт оламида допинг сифатида кўрилаётган мельдоний препаратининг муаллифларидан бири эканлигини айтиб келади. Ўтган асрнинг 70-чи йиллари яратилиб, 1976 йилда СССРда расмий муаллифлик гувоҳномаси, 1984 йили АҚШда патент олган бу препарат ҳозир Жаҳон Антидопинг Агентлигининг рўйхатига киритилган ва допинг деб тан олинган. Саратонга даво дейилаётган янги дорининг охир-оқибати мельдонийники каби бўлмаса, яхши бўларди.